Инклюзив таълим қандай тамойилларга таянади?
Ўзбекистонда инсон қадри устуворлиги инклюзив таълимда ҳам ўз аксини топмоқда. Мамлакатда имконияти чекланган шахсларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш учун қандай янги имкониятлар яратилмоқда?
Мустаҳкам ва фаровон жамият барпо этишга бел боғлаган мамлакат борки, таълимга таянади. Шу маънода, юртимизда ҳам илмга бўлган ёндашув, таълимга бўлган эътибор энг юқори босқичга кўтарилди. Сўнгги йилларда тизимда амалга оширилган ислоҳот ва ташаббуслар миллатимиз илм-фан тарихидаги янги ифтихор саҳифаси очилишига замин яратди. Қолаверса, “Инсон қадри” тамойилига таяниб олиб борилаётган оқилона сиёсат самараси ўлароқ, таълим ичидаги ўзга бир дунё бўлган инклюзив таълим ҳам тараққиётнинг хушбўй ҳавосидан нафас олиш имконига эга бўлди.
Маълумки, ҳар бир жамият турли қатлам ва бўғинлардан таркиб топади. Ана шундай бўғинлардан бири алоҳида таълимга эҳтиёжманд кишилардир. Эътибор берган бўлсангиз, бунда “алоҳида” деган жумла киши диққатини тортади. Хўш, нега алоҳида? Гап шундаки, жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг ҳар қайсиси алоҳида ёндашув, метод ва энг муҳими эътибор талаб этади. Шунинг учун ҳам бундайларга таълим берувчилардан нисбатан кўпроқ машаққат ва салоҳият талаб этилади. Шуни инобатга олган ҳолда, ана шундай педагогларнинг малакасини оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бироқ, алоҳида таълим олувчиларнинг ҳам жараёнда фаол иштироки муҳим. Яъни, инклюзив таълимнинг ҳам аниқ тамойиллари мавжуд.
Булар нималар экани ҳақида мутахассис - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги Инклюзив таълим лабораторияси мудири Мунаввара Қурбонова қуйидагиларни қайд этди:
– Маълумки, инклюзивлик инсониятнинг хилма-хиллигини тан олган ҳолда, барчага тенг имконият, тўсиқсиз муҳит, қулай шароит яратишдир. Шу жиҳатдан, инклюзив таълим қуйидаги тамойилларга асосланади. Биринчидан, тенг ҳуқуқлилик ва камситмаслик. Ҳар бир инсон ногиронлиги, жинси, тили, ижтимоий келиб чиқиши ёки бошқа хусусиятларидан қатъи назар, таълим олиш ҳуқуқига эга. Иккинчидан, хилма-хилликни қадрлаш. Таълим олувчиларнинг қобилияти, ўрганиш суръати ва эҳтиёжларига кўра фарқли жиҳатлар табиий ҳолат сифатида қабул қилинади. Учинчидан, таълимнинг ҳамма учун очиқлиги. Бинолар, ўқув материаллари, ахборот ва мулоқот воситаларидан фойдаланишга халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади.
Тўртинчидан, индивидуал эҳтиёжларни ҳисобга олиш. Ўқитиш усуллари, топшириқлар, баҳолаш шакллари ва зарур ёрдам таълим олувчининг эҳтиёжига мослаштирилади. Бешинчидан, фаол ва мазмунли иштирок. Ҳар бир таълим олувчининг дарсда, жамоатчилик ишлари ва таълим ташкилоти ҳаётида қатнашиши таъминланади. Олтинчидан, ҳамкорлик. Педагоглар, таълим олувчилар, ота-оналар ва тегишли мутахассислар биргаликда ишлайди. Еттинчидан, қадр-қиммат ва мустақилликни ҳурмат қилиш. Таълим олувчининг фикри, танлови ва ўзига тегишли қарорлардаги иштироки эътиборга олинади. Саккизинчидан, сифатли таълим ва ривожланиш. Ҳар бир таълим олувчининг билим олиши, қобилиятларини ривожлантириши ва ютуққа эришиши учун зарур шароит яратилади, – дейди мутахассис.
Кўриниб турибдики, имконияти чекланган шахслар билан боғлиқ ислоҳотларда ўзларининг иштироки ғоят муҳим. Шуни таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда бу борада кўпгина ижобий ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, Президентнинг 2022 йил Самарқанд шаҳридаги кўзи ожиз болалар таълим муассасасига ташрифида муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Ўшанда “Сизлар олий таълим муассасасини тугатганингиздан кейин ҳар бир давлат идорасида сиз учун муносиб иш ўрни ва шароити бўлиши керак. Шундагина биз илгари сураётган адолат, инсон қадри ўз исботини топади”, деган эди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, бу ташаббус ўзининг ижобий самарасини бериб, бир қатор вазирлик ва идораларда имконияти чекланган шахслар ҳам меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Бу эса уларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин топиши ва фаровон турмуш кечиришларини таъминлайди. Қолаверса, ушбу ғоя ва унинг амалий натижаси бугунги кунда улар эришаётган улкан марраларда акс этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, имконияти чекланган инсонларнинг яширин ва чексиз имкониятларини намоён этиш учун бир марталик эмас, бир умрлик шароит зарур. Шундагина биз уларга балиқ берибгина қолмай, уни тутишни ҳам ўргатган бўламиз. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, уларга моддий ёрдам бериш билан чекланиш хато. Аксинча, уларнинг ҳам меҳнатидан унумли фойдаланиш ва рағбатлантириш мумкин. Чунки уларнинг ҳам мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшиш салоҳияти етарлича.
Шербек Исломов,
ЎзА