Навоий вилояти Кармана туманидаги 2-сонли Информатика ва ахборот технологияларга ихтисослаштирилган мактабда умумтаълим мактабларидаги инклюзив синфларда таҳсил олаётган ҳар бир боланинг индивидуал ривожланиш имкониятига асосланиб, уларни сифатли таълим билан қамраб олиш мақсадида “Инклюзив таълим самарадорлигини ошириш – долзарб вазифа” мавзусида вилоят семинари ўтказилди.
Бугунги кунда юртимизнинг барча умумтаълим мактабларида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун махсус восита ва методларни қўллаш орқали тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳити яратилмоқда.
Вилоятда инклюзив таълим дастлаб 2021 йилда Зарафшон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида ташкил этилган бўлса, ўтган 2024-2025 ўқув йилида 30 та умумтаълим мактабида инклюзив таълим синфи ташкил этилди ва 85 нафар ўқувчи қамраб олинди. Айни пайтда Навоий вилоятида 135 та умумтаълим мактабида 250 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган болалар инклюзив синфларда таълим олмоқда.
– 2024-2025 ўқув йилида мактабимизда 2 та инклюзив таълим ўқувчини соғломлаштирдик, – дейди мактаб дефектолог ўқитувчиси Муниса Бахтиёрова. – Бу йил эса 1-синфга 3 нафар ўқувчи қабул қилдик. Улар учун барча шароитлар яратилган. Мактабимизда коррекцион хоналар ташкил қилинган. Фан ўқитувчилари ота-оналар билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Семинар давомида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси мутахассислари ва вилоятдаги ихтисослаштирилган таълим ташкилотлари тажрибали педагоглари томонидан директорлар ҳамда педагогларнинг амалий фаолиятида қўлланиши мумкин бўлган муҳим йўналишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, инклюзив таълим болаларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли уйғунлашувига хизмат қилади.
[gallery-25247]
– Бугунги семинарда биз ўзимизни қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоб олдик, – дейди Қизилтепа туманидаги 26-умумтаълим мактаби психологи Зарнигор Олтинова. – Айнан мактабда инклюзив таълимни ташкил қилишда эътибор беришимиз керак бўлган жиҳатлар, мактаб психологи ва махсус педагогнинг вазифалари тўғрисида тушунчаларга эга бўлдик. Бундан ташқари, бу йўналишдаги ўқувчилар билан ўтиладиган дарслар ва махсус педагог хоналари билан танишдик. Ўтилаётган дарс машғулотларида иштирок этдик. Бугунги семинардан олган билимларимизни ўзимизнинг мактабда татбиқ этамиз.
Энг асосийси инклюзив таълим жараёнида бола ўзи яшаб турган ҳудудга яқин бўлган умумтаълим мактабида ўз тенгқурлари билан оиласидан узоқлашмаган ҳолда ўқиш имкониятига эга бўлади. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ўз тенгдошлари билан бирга таълим олиши эса нафақат ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этишига, балки келажакда жамиятда тўлақонли ва фаол иштирокчи сифатида бўлишига имконият яратади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Xug5WLNCdsI" title="Inklyuziv ta’lim – bolalarning jamiyatga samarali moslashuviga xizmat qiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат, видео), ЎзА