Бугунги кунда давлатимиз томонидан имконияти чекланган ва алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болаларга сифатли таълим олиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш ҳамда касбий ва ижтимоий фаолиятнинг турли соҳаларида ўз салоҳиятларини тўлиқ намоён этиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Жумладан, бу борада Навоий шаҳрида ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилиб, мактабларда инклюзив синфлар фаолияти йўлга қўйилмоқда ва болалар учун тўсиқсиз муҳит яратиш ҳамда уларнинг ижтимоийлашувига эътибор қаратилмоқда.

– Жаҳон тажрибасида ҳам имконияти чекланган болаларни соғлом болалар билан бирга ўқитиш, яъни инклюзив таълим амалиёти ўзининг самарадорлигини кўрсатмоқда, – дейди шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Шалола Ҳамидова. – Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 13 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам инклюзив синфлар фаолиятини янада ривожлантириш, болалар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш, уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ҳозирда шаҳримиздаги 5-умумтаълим мактабида 10 нафар, 21-умумтаълим мактабида эса 2 нафар бола инклюзив таълим жараёнига жалб этилган бўлиб, жами 12 нафар бола таҳсил олмоқда. Ушбу мактабларнинг ҳар иккаласи махсус педагоглар билан таъминланган. Шунингдек, мактабларда алоҳида коррекцион синф, психолог хонаси ва махсус педагог штатлари ажратилиб, малакали педагог кадрлар томонидан таълим-тарбия жараёни олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 6-, 7-, 12-, 13-, 18- ва 19-сонли умумтаълим мактабларида ҳам имконияти чекланган болаларни соғлом болалар билан бирга ўқитиш бўйича инклюзив синфлар ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур йўналишдаги ишлар маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисми ҳисобидан амалга оширилмоқда. Махсус педагоглар билан таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни ўқишга йўналтириш эса Психологик-тиббий-педагогик комиссия ва Ижтимоий ҳимоя агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан йўлга қўйилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири