Инкльюзив таълим: барча болалар учун тенг шароит
Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган Умиджон Турдалиев авваллари уй таълимида ўқир эди. Маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимнинг саъй-ҳаракати билан Олтиариқ туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактабига жалб қилингач, ҳозир ўз тенгқурлари билан тенг шароитда таълим олмоқда.
Хўш, инльюзив таълим борасида вилоятда яна қандай ишлар амалга оширилмоқда? Биз бу мавзу юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси шуъба мудири Озодбек Тоштемиров билан суҳбатлашдик.
– Ушбу мактабда “Ишонч 2030” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда таълим имкониятларини кенгайтириш: юқори сифатли ва инкльюзив таълим натижалари учун АКТ ва рақамли таълимдан фойдаланиш” йўналишида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилди. Жумладан, мактаб ҳудудида кўзи ожиз шахслар учун 300 метр масофада тактил йўлаклар барпо этилди, кириш-чиқиш жойларида 5 та замонавий пандус қурилди ҳамда бино ички қисми махсус тактил плиткалар ва тутқичлар билан жиҳозланди, – дейди Озодбек Тоштемиров.
Шунингдек, инкльюзив синф ташкил қилиниб, 25 та махсус ўқув столи, дам олиш бурчаги, ривожлантирувчи ўйинчоқлар, махсус ўқув қуроллари ва эшитиш қобилияти заиф болалар учун овоз кучайтиргич мосламалари билан таъминланди. Натижада мактабда барча ўқувчилар, хусусан ногиронлиги бўлган болалар учун қулай, хавфсиз ва замонавий таълим муҳити яратилди.
Маълумки, Ўзбекистон ҳамда Швецария давлатларининг ноқонуний ўзлаштирилган инвестицияни ўзбек халқи манфаатлари учун қайтариш бўйича ҳамкорлиги доирасида юртимизда жами 50 та мактаб танлаб олинди ва уларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун тўсиқсиз муҳит яратилди.
Мазкур мактабда ҳам бундай ишлар амалга оширилгач, кўпдан буён уй таълимида бўлган, ўз тенгдошларидан айри ҳолда қолиб келган болаларни умумий ўрта таълим билан қамраб олишга эришилди. Мактаб тўлиқ инкльюзивлашган, барча ўқувчи учун тенг шароит ва имкониятлар яратилди.
Туманнинг Қизилтепа маҳалласида 14 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган бола яшайди. Ижтимоий ходим Мавжуда Юнусованинг маълум қилишича, ўтган 2 йил давомида уларнинг 6 нафарини инкльюзив таълим билан қамраб олишга эришилди. Яқин орада яна 3 нафар ногиронлиги бўлган бола мактаб остонасига илк марта қадам қўяди.
[gallery-28679]
Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларнинг ота-оналаридаги қувонч ва мамнунликни сўз билан таърифлаш қийин. Ахир, уларнинг фарзандлари ҳам бошқалар каби мактабга қатнай бошлади. Яқинда бир саховатпеша инсоннинг кўмаги билан скутер хариб қилиб, мактаб маъмуриятига топширдик. Энди ногиронлиги бўлган болалар ҳар куни ана шу транспорт воситаси ёрдамида мактабга олиб келинади ва дарслардан сўнг уйларига элтиб қўйилади.
Мактаб ва ижтимоий ходим ҳамкорлигида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар нафақат алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун билим олиш имкониятларини кенгайтиради, балки жамиятда тенглик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлайди. Энг муҳими, ҳар бир болага ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит яратилаётгани инкльюзив жамият барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардан саналади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА