Инклюзив синфларда таълим жараёни қандай ташкил этилган?
Самарқандда ўтказилаётган “Инклюзив таълимни ривожлантириш: муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзусида республика амалий семинари иштирокчилари бугун Самарқанд шаҳридаги 81- ва 13-умумий ўрта таълим мактабларида бўлиб, мазкур таълим муассасаларининг инклюзив таълим борасидаги тажрибалари билан яқиндан танишди.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 351 та мактабда 450 та инклюзив таълим синфлари ташкил этилган бўлиб, уларда 674 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Бу ўқувчиларнинг 438 нафарининг ақлий, 115 нафарининг руҳий ривожланишда нуқсони бўлса, 65 нафар ўқувчи эшитиш, 8 нафари кўриш, 48 нафари таянч ҳаракат тизими билан боғлиқ нуқсонлардан азият чекади.


Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 81-мактабда 14 нафар, 13-мактабда 9-нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бор ўқувчилар тенгдошлари билан бирга дарс жараёнларида қатнашмоқда. Мазкур мактаблар махсус педагоглари ушбу тоифадаги ўқувчилар билан олиб бораётган таълим жараёнлари, қўллаётган дарс услублари ҳақида маълумот берди. Айрим ўқувчилар ва ота-оналар мактабга таклиф этилиб, уларнинг фикрлари тингланди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинар иштирокчилари эртага мактабгача ва мактаб таълими вазири билан очиқ мулоқотда қатнашиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири