Индонезияда кучли зилзила
Индонезияда 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Ер силкиниши мамлакатнинг Шимолий Малуку вилоятидаги Тобело шаҳри яқинида қайд этилган бўлиб, ҳозирча қурбонлар ёки етган зарар ҳақида маълумот йўқ.
АҚШ Геология хизмати хабарига кўра, зилзила ўчоғи ер юзасидан 120 километр чуқурликда, шаҳардан тахминан 58 километр ғарбда жойлашган. Ер ости силкиниши маҳаллий вақт билан соат 11:31 да кузатилган.
Ҳодиса жойидан 114 километр масофадаги Тернате шаҳрида яшовчи Умар Аббос ўтмишдаги кучли ер силкиниши хотираси туфайли қаттиқ хавотирга тушганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қаҳва ичаётган пайтида стул тебрана бошлаган ва шу тариқа саросима бошланган.
Индонезия Метеорология, климатология ва геофизика агентлиги цунами хавфи мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА