Ширинлик фабрикасидаги “аччиқ” якун
Индонезияда ширинлик ишлаб чиқариш фабрикада содир бўлган ёнғин оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди. Қарийб 30 одам бедарак йўқолган. Қутқарувчилар ҳамон вайрона остида қолганларни излаяпти.
Ҳодиса шанба куни кечқурун пойтахт Жакартадан тахминан бир соатлик масофадаги Бантен вилояти Чиканде туманида жойлашган “PT Fonusa Agung Mulia” корхонасида содир бўлган. Дастлабки маълумотга кўра, фожиа ҳаво совутгич сими қисқа туташуви ортидан келиб чиққан. Ўша пайт ҳудудда 300 га яқин ишчи бор эди. Расмийлар ёнғин хавфсизлиги талабига қай даражада риоя этилганини ҳам текширмоқда.
Қидирув ишига беқарор ҳолатга келган қурилмалар, айрим жойларда сақланиб қолган ёнғин ўчоғи халақит беряпти. Ҳозиргача 29 киши омон қолгани аниқланди. Улардан 5 нафари шифохонага ётқизилган. Жабрланганлар шахсини ташқи кўринишидан аниқлаш имкони йўқлиги сабабли, полиция ДНК намуналарини йиғмоқда. Бу жараён бир неча ҳафта давом этиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА