Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида мамлакатимизда имконияти чекланган фуқаролар учун транспортдан фойдаланишда қулай муҳитни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда тадбир ташкилотчилари томонидан иштирокчиларга “Yandex Go” сафарларни онлайн буюртма қилиш хизмати имконияти чекланган фойдаланувчилар шаҳар бўйлаб бемалол ҳаракатланишига ёрдам берадиган лойиҳалар хусусида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, яқин келажакда сервис иловани имконияти чекланган фойдаланувчилар учун мослаштириш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун “Yandex Go” компанияси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва “ШAРОИТ ПЛЮС” ногиронлар уюшмаси вакиллари билан биргаликда махсус имкониятлар экрани ва амалий тавсияларни ишлаб чиқади. Бу фойдаланувчиларга ҳайдовчини олдиндан, яъни сафарга чиқишдан олдин ногиронлар аравачасида бўлишлари ёки машинани топиш ва унга ўтириш учун ёрдам кераклиги ҳақида огоҳлантириш имконини беради. Бундан мақсад эса имконияти чекланган фойдаланувчилар учун саёҳат сифати ва қулайлигини оширишга қаратилган.
Тадбирда сўзга чиққан “ШAРОИТ ПЛЮС” ногиронлар уюшмаси раҳбари Муҳаббат Раҳимованинг таъкидлашича, уюшма “Yandex Go” компанияси билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзив иш билан таъминлаш лойиҳасини амалга оширмоқда.
–Ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи турли шаклдаги ногиронлиги бўлган фуқаролар шаҳар бўйлаб ҳаракатланишда бир қатор қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу сабабли, кўплаб ногиронлар “Yandex Go” компанияси тақдим этган хизматлардан фойдаланади. Aммо молиявий ҳолати туфайли улар ҳар куни такси хизматидан фойдалана олмайди. 2022 йил октябрь ойидан бошлаб ушбу компания ташкилотимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, бизга саёҳатлар учун промо-кодларни тақдим этиб келмоқда. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг муносиб бандлигини таъминлаш бўйича ishplus.uz лойиҳаси ходимларимиз ишини самарали ташкил этишга хизмат қилаётир. Бугунги тадбирда ҳам имконияти чекланган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида компания ўзининг навбатдаги ҳамкорлигини тақдим этмоқда, –деди М.Раҳимова.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда имконияти чекланган инсонлар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Уларнинг бандлигини таъминлаш ва қулай шарт-шароитлар яратиш бугунги кунда янада муҳим вазифалар сифатида қаралмоқда. Шунингдек, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш ҳам самаралидир. Тадбирда тақдим этилаётган лойиҳалар бу каби инсонлар ҳаётида катта аҳамият касб этади.
–Биз шаҳар бўйлаб эркин ва қулай ҳаракатланиш ҳамма учун тенг бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз, – деди “Yandex Taxi” ривожлантириш бўйича МДҲ директори Кирилл Свинцов. –Биз мунтазам равишда хайрия жамғармалари билан ҳамкорлик қиламиз ва уларнинг васийлигидаги шахсларга касалхоналар, дўконлар ва бошқа ишларга бепул етиб олишларига ёрдам берамиз. Иловаларни мослаштириш бўйича янги ташаббус бизнес, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ногиронлар учун ҳаёт сифати ва шаҳар имкониятларидан фойдаланишда қўл келади.
Тадбирда “Yandex Go” компанияси томонидан “ШAРОИТ ПЛЮС” ногиронлар уюшмасига узоқ муддатли ҳамкорлик сертификати тақдим этилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири