Имконият чекланмаган
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 63 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўз имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Имконият чекланмаган” номли ижтимоий акция ташкил этилди.
Тадбир ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижодий салоҳияти ва истеъдодини қўллаб-қувватлаш, уларнинг тасвирий, амалий санъат ҳамда ҳунармандчилик йўналишидаги ижодини кенг жамоатчиликка намойиш этиш мақсадида ўтказилди.
Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан яратилган қўл меҳнати маҳсулотлари, амалий санъат намуналари, тасвирий санъат асарлари ҳамда ҳунармандчилик ишлари кўргазмаси ҳамда ким ошди савдоси ҳам ўтказилди.

Иштирокчилар ўзларининг ижодий ишлари орқали нафақат маҳорат ва истеъдодларини намоён этди, балки жамият ҳаётида фаол иштирок этишга бўлган интилишларини ҳам кўрсатди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу дастурий мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилаётган “Имконият чекланмаган” каби ташаббуслар ҳар бир инсоннинг истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА