Жорий йилнинг 14 февраль куни Президентимиз ёшлар билан очиқ мулоқот тарзидаги видеоселектор йиғилишида Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати, уларнинг таълим олиши, илм-фан ва инновациялар борасидаги ютуқлари ва ҳуқуқларининг давлат томонидан ҳимояланиши каби масалалар юзасидан мулоҳазалар билдирди.
Давлат раҳбари томонидан ёшларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда амалиётга жорий этиш, халқаро майдонда дунёнинг етакчи давлатлари ёшлари қаторида тура оладиган кадрлар сафини кенгайтириш борасида фикрлар билдирилиб, тегишли таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, мамлакатимизда кенг қулоч олаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг кенгайтирилиши, сунъий интеллект бўйича ўзбек тилида таълим олиш имкониятининг яратилиши ва халқаро даражадаги IТ лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ёшларни илмий-инновацион фаолиятга кенг миқёсда йўналтириш борасида режалаштирилган ишлар келажакда мамлакат миллий иқтисодиётининг илмий-технологик жиҳатдан мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ўтган йили 25000 нафар қиз IТ соҳасида бепул ўқитилган бўлса, жорий йилда дастурчи қизлар сони икки баробарга оширилиши режалаштирилди, минг нафар иқтидорли қизларнинг IТ оромгоҳларида халқаро олимпиадаларга тайёрланиши таъкидланди. Ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар ва маънавий иммунитетни мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Юртбошимизнинг ёшларга қарата: “Ёшлар – халқимизнинг, Ватанимизнинг олтин фонди” дея таъкидланиши ёшларга билдирилаётган ишончнинг олий намунаси, десак, хато бўлмайди. Дарҳақиқат, замоннинг шиддат билан ривожланиб, тараққий этиши баробарида қатор глобал муаммолар, мафкуравий таҳдидлар кузатиляптики, улар ҳар биримизни ҳушёр бўлишга чорлайди.
Учрашувда илгари сурилган муҳим тамойиллардан яна бири оғир, жиноят кўчасига билиб-билмай кириб қолган ёшлар билан ишлаш тизимига изчиллик билан ёндашган ҳолда, бундай тоифадаги ёшларга бошқа тенгдошлари қаторида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш кераклиги таъкидланди. Ушбу тизим ишга туширилиши натижасида қарийб бир миллионга яқин жиноят кўчасига кириб қолган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий, маиший муаммолари ҳал қилингани, 150 мингга яқин ёшлар вазирлик ва ўз ҳудудидаги маҳаллий раҳбарларга бириктирилиши ҳақидаги Президентимизнинг таъкидлари алоҳида эътирофга лойиқ.
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини ошириш, халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон ёшлари иштирокини кенгайтириш, ёшларимизнинг нуфузли хорижий олий таълим даргоҳларида таҳсил олишлари учун қулай шароитлар яратиш, қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам илгари сурилди. Шу каби имкониятлардан фойдаланиб, қатор ютуқларни қўлга киритган, ўз мақсадига эришиш йўлида дадил қадам ташлаётган ёшлар фикрлари тингланиб, уларга юксак ишонч билдирилиши ҳам ҳар бир юртдошимизда буюк келажакдан умидворлик кайфиятини пайдо қилиши шубҳасиз.
Видеоселекторда таъкидланган тил ўрганишни рағбатлантириш масаласи, айниқса, диққатга сазовор. Хорижий тилларни билиш даражасидан C1 сертификатига эга ёшлар республиканинг олис ва чекка ҳудудларида чет тилларни ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари очса, шунингдек, тил ўрганишни рағбатлантириш учун хусусий ўқув марказларида тил ўрганаётган ёшларнинг харажатлари “2+6” шаклида қоплаб берилиши ҳақидаги хушхабар ҳам кўпчиликни қувонтирди.
Дунёда ёшларнинг бизнес ғояларини қўллайдиган махсус инкубатор марказлари мавжуд, Ўзбекистонда бундай тизимни бутун мамлакатда кенг йўлга қўйиш, уларнинг ғоялари махсус “ёшлар бизнес инкубатори”да 6 ойдан 3 йилгача қўллаб-қувватланиши, стартаплари тўлиқ шаклланган бизнесга айлантирилиши давлат раҳбари томонидан белгилаб берилди. Дунёнинг энг илғор мамлакатларида ҳам ёшлар учун бундай имтиёзли кредитлар, махсус инкубаторлар, давлат сармояси ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмас.
Олим Раҳимов,
Бухоро давлат педагогика институти
проректори, иқтисодиёт фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD), доцент.
ЎзА