Илмдан саноатга: ТКТИ битирувчиларига дипломлар топширилди
Кимё ва технологик саноат учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқаришни замонавий билим ва инновацион ёндашувларга эга мутахассислар билан таъминлаш ҳамда илм-фан билан амалиёт уйғунлигини мустаҳкамлашда олий таълим муассасалари муҳим ўрин тутади.
Ана шу мақсадлар йўлида Тошкент кимё-технология институтида 2025-2026 ўқув йили битирувчиларига дипломларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари ва вакиллари, проректорлар, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар, фахрий устозлар, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одилжон Темиров ва Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов битирувчиларни олий таълимни муваффақиятли тамомлаганликлари билан самимий муборакбод этар экан, бугунги битирувчилар мамлакатимиз кимё, озиқ-овқат технологиялари, фармацевтика, энергетика ҳамда саноатнинг бошқа муҳим тармоқларини ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшадиган, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар эканини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, кимё саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири бўлиб, саноат ишлаб чиқариши, экспорт салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда юқори қўшимча қиймат яратадиган лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса соҳа учун замонавий билим, инновацион фикрлаш ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлашни долзарб вазифага айлантирмоқда.

Тадбирда ёшларга ўз касбига садоқат билан ёндашиш, доимий изланиш олиб бориш, инновацион ғояларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш муҳимлиги таъкидланди. Битирувчилар қаерда меҳнат фаолиятини олиб боришидан қатъи назар, институтнинг муносиб вакили сифатида унинг юксак обрў-эътиборини сақлаб қолиши ва юксалтиришига алоҳида урғу берилди.
Тадбир якунида битирувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА