Тошкент кимё-технология институтида «Янги Ўзбекистоннинг илм-маърифатли, ишончли ёшлари: Битирувчи – 2022» шиори остида битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилда институтни 27 та таълим йўналиши бўйича 701 нафар бакалавр ва 324 нафар магистр тамомлади. Ҳозирда битирувчиларнинг 583 нафари иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг 61 нафари институтнинг ўзида фаолият кўрсатмоқда.
Тадбирда талабалар, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар, ишлаб чиқариш корхоналари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мазкур институт ректори, профессор Б.Усмонов ёшларнинг ҳар томонлама чуқур билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади.
[gallery-8182]
Дарҳақиқат, келгусида «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сафи тобора кенгаяётгани, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари камида 25 фоизга оширилганлиги, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилганлиги олий таълим соҳасидаги имкониятлардан саналади.
– Институтни тамомлаб магистр даражасига эришганимдан беҳад мамнунман, – деди олийгоҳ битирувчиси Ўткир Сафаров. – Икки йиллик илмий изланишларим давомида бир қанча ютуқларга эришдим, халқаро лойиҳалар ва грантларда иштирок этиб ўз билим ва кўникмаларимни оширдим. Халқаро тил сертификатига эга бўлдим. Энди эса ҳужжатларимни таянч докторантурага топшириб илмий изланишларимни давом эттирмоқчиман. Менинг шу даражага етишишимга, қатор муваффақиятларга эришишимда устозларимнинг хизмати жуда катта.
Кўтаринки руҳда бўлиб ўтган ушбу тадбирда ижодкор ёшлар иштирокида куй-қўшиқлар ижро этилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири