Илм ва амалиётни боғлайдиган янги қадам
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти (IXTI) ҳамда Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжатга AICA раиси Владимир Норов ва IXTI директори Акрам Умаров имзо чекди. Келишув сунъий интеллект, рақамли трансформация ва халқаро муносабатлар соҳаларидаги илмий-таҳлилий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Томонлар қўшма тадқиқотлар ўтказиш, сиёсий тавсиялар ва экспертлик материаллари тайёрлаш, шунингдек конференция, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Шу билан бирга рақамли иқтисодиёт, СИни тартибга солиш ва технология ўзгаришининг Марказий Осиё тараққиётига таъсирини ўрганиш ҳам устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Мазкур битим AICA технологик тажрибаси ҳамда IXTIнинг халқаро муносабатлар ва геоиқтисодий тадқиқотлар соҳасидаги салоҳиятини бирлаштириб, минтақада рақамли тараққиётга оид таҳлилий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА