Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик алоқалар
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти ўринбосари А.Абдукаримовнинг Хитойнинг «DeepBlue Artificial Intelligence Technology (Shanghai) Inc.» компанияси директорлар кенгаши раиси ва асосчиси Чен Хаибо бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланди.
Учрашув давомида томонлар сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, тажриба алмашиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, қўшма илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш ҳамда инновацион ечимларни жорий этиш имкониятларини ҳар томонлама кўриб чиқишга келишиб олинди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш учун янги имкониятлар яратади.
М.Қосимова,
ЎзА