ОИВ касаллиги билан курашиш – барчанинг бурчи
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё бўйича бир кунда 7000, бир соатда 300 нафар инсон иммунитет танқислиги вируси билан касалланади. Бошқача айтганда, ер юзида йилига ўртача 2,5 миллион одам ОИВ юқтириб, улардан 1 миллион нафарга яқини ҳаётдан кўз юмади.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шахсдан шахсга ўтувчи ОИВ инфекциясининг олдини олишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Мазкур қарор асосида ОИВ инфекциясини юқтирган, махсус даволаш курслари билан қамраб олинган ва қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушган шахслар кўрсаткичини 95 фоизга етказиш, касаллик онадан болага юқишининг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнини электрон тизим орқали амалга оширишни йўлга қўйиш, аҳоли орасида инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023 - 2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар режаси белгилаб берилди.

Энг асосийси, мазкур қарор, унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, туман ва шаҳар ҳокимликлари қошида ОИВ инфекциясига қарши курашиш тадбирларини мувофиқлаштириш кенгашлари ташкил этилиб, улар томонидан жойларда, ҳудудларда шу турдаги касалликнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли тарғибот тадбирлар ташкил этилмоқда.
Бу эса аҳолининг ОИВ инфекцияси, у келтириб чиқариши мумкин бўлган хавф омилларидан хабардор бўлиши, ўз вақтида тиббий-профилактика кўрикдан ўтиб, касалликни юқтирмаслик бўйича тиббий билим ва кўникмалар шаклланиши, жамиятда оилавий ва маънавий-ахлоқий қадриятларнинг мустаҳкамланишида ниҳоятда қўл келмоқда.

Янгиер шаҳри ва Ховос туманида ташкил этилган ОИВ инфекцияси, у келтириб чиқариши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларида ҳокимликлар котибият мудирлари, прокуратура, Оила ва хотин-қизлар бўлими, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаси, адлия, ички ишлар, шаҳар ва туман СЭО ва ЖСХ вакиллари ҳамда Сирдарё вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ходимлари иштирок этди.

–ОИВ эпидемияси бошлангандан буён юртимизда 48 мингдан зиёд, Сирдарё вилоятида эса 2000 га яқин шахсга ОИВ касаллиги ташхиси қўйилган бўлиб, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида янги ОИВ ташхиси қўйилганлар сони 100 нафардан ошди. Ачинарлиси, Янгиер шаҳри 34,4 та кўрсаткич билан вилоятда ОИВ инфекцияси энг кўп аниқланган шаҳар бўлиб қолмоқда. Касалланган шахслар ва уларга ОИВ юқиш йўллари ўрганилиб, таҳлил этилганда ушбу турдаги инфекция касалланган беморларга жинсий йўл билан юққанлиги аниқланган. Бу ҳолат, айниқса, хорижда бўлиб келган меҳнат мигрантлари ўртасида кузатилган. Уч ойдан ортиқ хорижда бўлиб, вилоятга қайтган фуқароларни 72 соат ичида ОИВ инфекциясига қарши текширувлар билан қамраб олишга эришмоқ зарур, – дейди Сирдарё вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Г.Нормуротова.
Янгиер ва Ховосда ўтказилган тадбирлар давомида ОИВ инфекцияси, унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири