Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори барқарорликни кўрсатмоқда, ҳудудларда битимлар сони ва нархлар ўсиши кузатилмоқда. Иккиламчи уй-жойга бўлган талаб йиллик ҳисобда республиканинг аксарият ҳудудларида юқори даражада сақланиб қолмоқда. Тошкентда уй-жой нархларининг пасайиши ижара бозорининг барқарорлигини сақлаб қолмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида кузатилаётган ўзгаришлар таҳлилини тақдим этди. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига кўра, уй-жой сотувлари 10,6 фоизга ошиб, 136,5 минг хонадонни ташкил этди.
2025 йил июнь ойи якунига кўра, 21 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатдан ўтказилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 фоизга кўпдир.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича кўчмас мулк бозоридаги ҳудудий динамика барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Жиззах (29,9 фоиз), Навоий (18,3 фоиз) ва Сурхондарё (17,7 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Шу билан бирга, Тошкент вилоятида битимлар ҳажми бироз камайгани (2,6 фоиз) кузатилди.

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи ўтган ойга нисбатан 0,3 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда ўсиш 1,8 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида Жиззах вилояти июнь ойида уй-жой нархларининг бироз пасайганига (-1,3 фоиз) қарамасдан, йиллик ўсиш суръати бўйича етакчиликни сақлаб турибди (11,7 фоиз). Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ижобий динамика Сурхондарё (10,9 фоиз), Хоразм (7,3 фоиз) ва Наманган (7,1 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (9,3 фоиз) ҳам қайд этилди.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга пасайгани қайд этилди, янги қурилган уйлар сегментида эса нархлар атиги 1,6 фоизга камайди.
Ўтган йилнинг июнь ойидан буён пойтахтдаги иккиламчи уй-жой нархларининг энг катта пасайиши Мирзо-Улуғбек (-7,6 фоиз), Яшнобод (-7,3 фоиз) ва Чилонзор (-6,9 фоиз) туманларида кузатилди.
Бирламчи уй-жой нархларининг энг сезилари пасайиши Учтепа (-9,7 фоиз), Юнусобод (-8,8 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-7,7 фоиз) туманларида қайд этилди.

Июнь ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларининг барқарорлиги кузатилди. Ўртача ижара нархи ўтган ойдаги кўрсаткични сақланиб қолди ва бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 долларни ташкил этади.
Йиллик ҳисобда ўртача ижара нархлари 2,6 фоизга пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА