Греция пойтахти Афина шаҳрида спорт курашлари бўйича U17 ёш тоифасида жаҳон чемпионати бошланди. Чемпионатни юнон-рум курашчилари бошлаб берди. Биз учун аҳамиятлиси, илк кунги беллашувларда икки нафар полвонимиз финал босқичига чиқди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, вазни 48 килограммгача бўлган полвонлар орасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Бунёд Ҳасанов, дастлаб эронлик Амирмуҳаммад Ҳаживандсавакини, чорак финалда қирғизистонлик Жанарбек Сейитовни, ярим финалда эса туркиялик Барис Сойлуни таслим этган ҳолда финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди полвонимиз бугун, 29 июль куни жаҳон чемпионлиги учун қозоғистонлик Нурдавлат Кумарулига қарши гиламга чиқади.

Шунингдек, 80 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида ҳамюртимиз Абдулазиз Холмирзаев сўнгги ҳал қилувчи финал беллашувида грузиялик Лука Мартиашвили билан беллашади.
Мазкур финал жанглари мамлакатимиз вақти билан соат 20:00 да бошланади. Дарвоқе, бугун кун давомида юнон-рум кураши бўйича бир қатор вазн тоифаларида саралаш босқичлари ҳам ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА