Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Буйрапуш маҳалласида яшовчи масъулияти чекланган жамияти раҳбари, 28 ёшдаги Ўткирбек Қўчқоров (исм-шарифлар ўзгартирилди) туман ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат этиб, ёлғон хабар бергани аниқланди.
Буйрапушлик тадбиркор ўз аризасида Шўрчи туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг ишчиси, Оқ камар маҳалласида яшайдиган 42 ёшли Жўрабой Нафасов 558 бош қўйларини боқиб беришини айтиб, унинг ишончига киргач, чорва молларини ўзлаштириб кетганини маълум қилган. Суриштирув чоғида Ў.Қўчқоров қўйлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб кетилгани ҳақида ёлғон хабар бергани, аксинча, унинг ўзи Ж.Нафасов ва бошқаларга тегишли 410 бош қўйни қўлга киритгани фош бўлган.
Айни пайтда ички ишлар идораси ходимларини ёлғон хабар билан чалғитмоқчи бўлган Ўткирбек Қўчқоровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳуқуқшуносларнинг фикрича, қонунчилигимизда ёлғон хабар бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, ўша ҳаракатнинг оқибатларига қараб, 5 йилдан 8 йилгача, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА