Гендер тенглиги: Ўзбекистон "паст"дан "қониқарли"га ўтди
Мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш борасидаги кўрсаткичлар яхшиланиб бормоқда. "Equal Measures 2030" халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинган 2026 йилги Гендер тенглиги индексида 130 та давлат орасида Ўзбекистон 70-ўринни эгаллади.
Индекс маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг гендер тенглиги бўйича кўрсаткичи 2020 йилдаги 64,7 баллдан 2025 йилда 68,5 баллга кўтарилган. Шу тариқа, мамлакат 3,8 баллик ўсишга эришиб, “паст” натижалар тоифасидан “қониқарли” натижалар тоифасига ўтган.
Индексда Ўзбекистоннинг айрим йўналишлар бўйича кўрсаткичлари қуйидагича қайд этилган:
Саломатлик ва репродуктив ҳуқуқлар — 85,5 балл. Мамлакат жаҳон бўйича 26-ўринни, Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллаган.
Хавфсизлик — 73,1 балл. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Марказий Осиёда юқори кўрсаткич қайд этган.
Гендер тенглигини таъминловчи шарт-шароитлар — 83,8 балл. Бу натижа жаҳон миқёсида 25-ўринга тўғри келади. Таққослаш учун, дунё бўйича гендер тенглиги индексининг ўртача кўрсаткичи 69 баллни ташкил этган. Ўзбекистоннинг 68,5 баллик натижаси эса глобал ўртача кўрсаткичга яқинлашганини кўрсатади.
Шунингдек, умумий индекс натижалари бўйича Ўзбекистон Россия, Озарбайжон ва Тожикистондан юқори кўрсаткич қайд этган. Мазкур натижалар гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда жамиятда тенг шароитлар яратиш борасидаги ўзгаришларни баҳолашда муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланган. Мазкур стратегиянинг асосий мақсади — ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлашдан иборат.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА