Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) расман ташкилот Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертларидан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитаси ташкил этилганини эълон қилди. Қўмитани ташкил этиш ташаббуси 2023 йил 9 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТнинг 16-саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган.
Мазкур ташаббусни амалга ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ИҲТ Доимий вакиллари кенгаши йиғилишларида мазкур масала муҳокамага қўйилди. Шунингдек, 2024 йил 3 декабрь куни Эроннинг Машҳад шаҳрида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 28-йиғилиши кун тартиби ва “Машҳад коммюникеси”га киритилди.
Олиб борилган бир қатор музокаралар натижасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, хусусан, Эрон, Туркия, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон томонидан мамлакатимиз раҳбари ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 2024 йил 24 декабрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Котибиятида бўлиб ўтган ушбу тузилмага аъзо давлатлар Доимий вакиллари кенгашининг 291-йиғилишида мазкур қўмитани ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрига "2024 йил – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти" мақоми берилган эди. Мазкур йил муносабати билан 2024 йил 25-26 апрель кунлари Шаҳрисабзда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида халқаро форум ва бир қатор маданий тадбирлар ўтказилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА