Туризм қўмитаси тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
Туризм қўмитасининг мақоми, тизими, асосий вазифалари ҳамда функциялари;
Туризм қўмитасининг ҳудудлари ва жавобгарлиги;
Туризм қўмитаси раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳамда жавобгарлиги;
Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш, унинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги;
Туризм қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини белгилаб беради.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифаларини белгилайди.
Қўмита туризм соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи алоҳида мустақил мақомга эга республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
туризм турларини диверсификация қилиш, энг аввало, ички ва зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳар томонлама ривожлантириш, ташки ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни туризм бозорларида жорий қилиш;
туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, мамлакатнинг туризм соҳасини янада ривожлантириш, бебаҳо туризм салоҳиятини оммалаштириш ва тарғиб қилиш, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;
туризм инфратузилмасини шакллантириш, шу жумладан, туризм обьектларини жойлаштириш учун имконият юқори бўлган ҳудудларда режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишларини ташкил этиш, инвесторларни жалб қилиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, туризм объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда соҳани босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш;
мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан ошириш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш;
республика ҳудудларининг туризм салоҳиятидан келиб чиқиб, туризмнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, янги туризм маҳсулотларини яратиш, уларни паспортлаштириш, туризм соҳасидаги ягона реестрларни шакллантириш;
туризм объектларида, овқатланиш жойларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш вақтида ва ташрифларни ташкил этишда туристлар хавфсизлиги ҳамда соғлигини таъминлашга йўналтирилган туризм хизматларини кўрсатиш сифати ва хавфсизлигининг стандартларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш;
туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар, биринчи навбатда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти, шунингдек, хорижий компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ҳамда нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш; туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, туризм соҳаси субъектлари ходимларини мунтазам қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни юқори даражада ташкил этиш, соҳада илм-фанни ривожлантиришга кўмаклашиш;
туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор орқали тартибга солишни мақбуллаштириш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
республика кинолокацияларини, шу жумладан, жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда хорижда тарғиб қилиш.
ЎзА