Ифторлик дастурхонида эзгу тилаклар билдирилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Муборак Рамазон ойи меҳр-мурувват, саховат ва инсонпарварлик фазилатлари янада юксаладиган, одамлар қалбида эзгулик ва бағрикенглик туйғулари мустаҳкамланадиган муборак айёмдир. Шу кунларда ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун ифторлик дастурхонлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар учун ифторлик тадбирлари ўтказилиб, уларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ана шундай эзгу тадбирлардан бири Нурота туманидаги “Истиқлол” тантаналар мажмуасида ташкил этилди.
Ифторлик дастурхони атрофида жам бўлган фуқаролар ва нуронийлар юртимизда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва барқарорлик бардавом бўлишини тилаб дуо қилди. Суҳбат давомида Рамазон ойининг инсон қалбини поклаш, сабр-қаноат, шукроналик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби фазилатларни мустаҳкамлашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбирда меҳр-шафқат, ўзаро ҳурмат ва инсон қадрини улуғлаш каби қадриятларни асраш ва мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз экани қайд этилди.
[gallery-28142]
Бундай учрашувлар жамиятда аҳиллик ва бирдамликни янада кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА