Ички ишлар органларида рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлиги қандай таъминланмоқда?
Ички ишлар вазирлигида жорий йил биринчи ярмида ички ишлар органларида рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлиги йўналишида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник З.Қурбонов бошқарган видеоселектор йиғилишида вазирлик марказий аппаратининг соҳавий хизматлар раҳбарлари, таркибий ва ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари иштирок этди.
Йиғилишда ички ишлар органларида рақамлаштириш борасида бир қатор ютуқларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури (Government quality award) доирасида ўтказилган баҳолаш якунларига кўра, Ички ишлар вазирлиги “Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича намунали давлат органи” номинацияси ғолиби деб топилган.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи органларда рақамли ривожланиш даражасини рейтинг баҳолаш – Nis.uz тизимида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича 5-ўринни, Ахборот ва киберхавфсизлик мониторинг тизими бўйича 1-ўринни эгаллади.
Тизимда йўлга қўйилган рақамли иш юритувини янада самарали ташкил этиш, жараёнда аниқланган муаммоларни ўз вақтида тезкорлик билан бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бир қаторда, “Хавфсиз шаҳар” тизимлари бўйича, “Ягона электрон ҳужжат алмашинуви”дан фойдаланиш, “Турникет” тизимида учраётган камчиликларга алоҳида тўхталиб, атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида масъулларнинг ҳисобот ва таклифлари тингланиб, қониқарсиз натижа қайд этаётган ҳудуд раҳбарларининг хизмат фаолиятига танқидий баҳо берилди.
Ички ишлар органлари тизимидаги барча йўналишларни босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА