Ички ишлар органлари тизимида рақамли ечимлар ва замонавий бошқарув усуллари
Ички ишлар органлари тизимида рақамлаштириш жараёнлари такомиллашиб бормоқда, яъни рақамли ечимлар ва замонавий бошқарув усуллари жорий этилаётир.
Шу йўналишда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати биносида масъулларнинг тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда Рақамли қўриқлаш платформасининг янги ташкил этилган модуллари намойиш этилди.
Шунингдек, турли объектларни ва хонадонларни қўриқловга олиш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида соҳани рақамлаштириш ҳамда жамоат хавфсизлигини ишончли муҳофаза қилиш борасидаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Аҳоли кўп тўпланадиган жойларда қўриқлаш хизмати турларини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган “Security Office” хизмат кўрсатиш офиси фаолияти тақдимоти ўтказилди.

Офисда аҳолининг хизмат турларидан кенг маълумот олиш имконияти яратилган бўлиб, бу орқали хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш имконияти яратилди.

Тадбирда ички ишлар органларида рақамлаштириш жараёнлари ўрганилди. Жумладан, жорий этилган ахборот тизимлари, аҳолига хизмат кўрсатишда инсон омилини камайтиришга қаратилган дастурий таъминот, видеокузатув тармоқлари, автоматлаштирилган назорат ва мониторинг платформалари амалда қандай ишлаётгани намойиш этилди.
Масъулларга рақамли технологияларни янада кенгайтириш, онлайн хизматлар сонини ва хизмат самарадорлигини ошириш, номзодларни танлаш фаолиятини рақамлаштириш, ходимларнинг касбий тайёргарлиги, маънавий-ахлоқий қиёфаси ва уларни рағбатлантириш механизмлари юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА