“Ибратли оила” кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди
15 май – Халқаро оила куни
Халқаро оила куни доирасида Хоразм вилоятида “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган оилаларни эъзозлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, фарзандларни ватанпарварлик ва маърифат руҳида тарбиялаётган намунавий оилаларни рағбатлантириш эзгу анъанага айланди. Шу асосда ҳар йили 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан ҳаёт тарзи, тарбияси ва жамиятдаги фаоллиги билан ибрат бўлаётган оилалар “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.
Жорий йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур кўкрак нишонига саралаш жараёнлари янада такомиллаштирилиб, янги ёндашувлар асосида ташкил этилди. Хоразм вилоятида ҳудудий комиссия томонидан 244 та оила кўриб чиқилди. Улардан 119 таси “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб деб топилди.
[gallery-29425]
– Бир неча йилдирки, “Ибратли оила” кўкрак нишони ижтимоий-маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин эгаллаб, кенг жамоатчилик томонидан қизғин қарши олинмоқда, – деди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуратова. – Бу йилги саралаш жараёнлари очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилди. Низомга мувофиқ, кўкрак нишони асосан оила бекаси номига расмийлаштирилиши эса жамиятда аёл нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Урганч шаҳрида бўлиб ўтган тантанали маросимда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов кўкрак нишонларини ўз эгаларига топширди.
Тадбирда сўз олганлар оила жамиятнинг таянчи экани, соғлом ва маънавий баркамол авлод тарбиясида ибратли оилаларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, тақдирланган оилаларга кўкрак нишони, гувоҳнома ва пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, улар яшайдиган хонадонларга махсус фахрли белгилар ўрнатилади.
Тантанали тадбир иштирокчилари мамлакатимизда оила қадриятларини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётганини алоҳида қайд этди.
Айни кунларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш тадбирлари давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари