Иқтисодиёт вазирлиги: Ёғ-мой маҳсулотлари нархининг асоссиз ошишига қарши чора кўрилмоқда
Янги тартибга мувофиқ саноатда қайта ишлашга мўлжалланган экстракция пахта мойи истисно тариқасида фақатгина “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарга биржа савдолари орқали сотилади.
Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги мутахассисларининг ЎзАга тақдим этган маълумотига кўра, республикада аҳолини арзон ва сифатли ёғ билан таъминлаш мақсадида ўсимлик мойи ишлаб чиқарувчи тадбиркор ва корхоналар импортдан олиб келинган хом ашё асосида ишлаб чиқарган ҳажм учун 1 йил мобайнида қўшимча қиймат солиғидан озод этилди.
Бунинг натижасида четдан олиб келинган хом ашёнинг нархи 20 фоизга арзонлашади. Шуни ҳисобга олиб, жамият корхоналари томонидан йил давомида 80 минг тонна мойли хомашё ресурслари олиб келиниши режалаштирилмоқда. Мазкур хомашёни қайта ишлаш натижасида 30 минг тонна ўсимлик ёғи олинишига ва мавжуд қувватлардан фойдаланиш даражасининг 15-20 фоизга ошишига эришилади.
Кам таъминланган оилаларга ўсимлик мойи маҳаллий ҳокимликларнинг тақсимотига биноан улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан етказиб берилади. Ўсимлик мойини сотиш мавжуд ресурслардан ва ҳудудлар аҳолиси эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда биржа савдолари орқали амалга оширилади.
Янги тартибга мувофиқ саноатда қайта ишлашга мўлжалланган экстракция пахта мойи истисно тариқасида фақатгина “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарга биржа савдолари орқали сотилади.