I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуслари ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида янги босқични бошлаб берди. Жумладан, Марказий Осиё уйғониш даври алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, Имом Бухорий каби буюк муҳаддислар илмий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, шунингдек, маърифат ва диний бағрикенглик тамойилларини халқаро миқёсда илгари суришга қаратилган мазкур ташаббуслар бугун изчил амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ташкил этилмоқда.
Форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, машҳур исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.
Форум доирасида бир қанча йирик тадбирлар, оламшумул кашфиётлар ва илмий-оммабоп лойиҳаларнинг тақдимотлари ўтказилади.
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз кўлами жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Форум доирасида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 6 та соҳавий шўъба ташкил этилади. Уларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.
Форум доирасида китоблар ва илмий нашрлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" — "Уммат китоби" мавзусидаги халқаро конференция ҳамда тезислар тўплами, IRCICA билан ҳамкорликда нашр этилаётган "Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи" китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан ҳамкорликда чоп этилган Имом Термизийнинг "Шамоили Муҳаммадия" асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар форумнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлади.
Мазкур нуфузли анжуман нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами илмий-маърифий ҳаётида муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА