Тошкент шаҳрида хусусий таълим соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бу тадбир давлат раҳбарининг анъанавий тарзда ҳар йили август ойида ташкил этиладиган тадбиркорлар билан учрашувига тайёргарлик доирасида ўтказилди. Учрашувда нафақат мавжуд муаммолар муҳокама қилинди, балки уларга самарали ечимлар ҳам таклиф этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ҳар йили тадбиркорлар билан ўтказиладиган очиқ мулоқотлар мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, энг асосийси, амалдаги муаммоларни тўғридан-тўғри эшитиш ва таҳлил асосида ислоҳотларни амалга ошириш учун муҳим платформага айланган.
Бу йилги – бешинчи очиқ мулоқот арафасида ўтказилган учрашув мамлакатда соҳалар бўйича реал ҳолатни ўрганиш, тадбиркорлар фикрини олиш ва Президентга тақдим этиладиган таклифлар тўпламини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Хусусий таълим соҳасига бағишланган учрашувда Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, тижорат банклари ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда мамлакатимизда 9 минг 565 та хусусий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Улар орасида Тошкент шаҳри 2 минг 967 та муассаса билан етакчи, Сирдарё вилояти эса 172 та муассаса билан энг паст кўрсаткичга эга. Бу рақамлар хусусий таълим иктисодий барқарорлик ва аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутаётганини англатади.
Йиғилишда 2025 йилнинг биринчи ярмида таълим хизматлари умумий ҳажми 14,7 триллион сўмни ташкил қилгани таъкидланди. Шундан олий таълим хизматларининг улуши 49,2 фоизни ташкил этди.
– Охирги 15-20 кунда хизмат кўрсатиш соҳасини қамраб олишга – ундаги тадбиркорлар билан йиғилишлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни атрофлича кўриб чиқишга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг асосий сабаби шуки, республикада кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси бугунги кундаги драйвер йўналишлардан бири ҳисобланади. Чунки, мамлакатда энг кўп иш ўрни ҳам айни соҳаларга тўғри келади, – деди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.
Мулоқот давомида тадбиркорлар лицензиялашдаги бюрократик тўсиқлар, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги мураккаб шартлар, инновацион дастурларни амалга оширишда молиявий қийинчиликлар, кадр етишмаслиги каби аниқ масалаларни кўтарди. Ҳар бир масала юзасидан тегишли ташкилотлар жойида ечимлар таклиф қилгани давлат ва хусусий сектор ўртасидаги очиқ мулоқот механизмлари ишлаётганини кўрсатади.
Хусусий таълим соҳасида ўтказилган очиқ мулоқот ҳукуматнинг бизнесга яқинлашиш сиёсатини, жамиятнинг талаб ва эҳтиёжларини тўғридан-тўғри тинглаш амалиётини, давлат – хусусий сектор ҳамкорлигининг самарали моделини яна бир бор намоён этди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбири