Ҳоким хусусий ўқув марказлари раҳбарлари ва ёшлар билан учрашди
Бугун билим ва интеллектуал салоҳият мамлакат тараққиётини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бирига айланди. Жаҳон меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш, замонавий касбларни ўзлаштириш ва халқаро миқёсда рақобатбардош бўлиш эса, аввало, сифатли таълим ҳамда хорижий тилларни пухта билишни талаб этмоқда. Шу маънода, ёшларнинг билим олиши учун имкониятларни кенгайтириш, таълим тадбиркорлигини ривожлантириш ва хусусий ўқув марказларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш долзарб аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг хусусий ўқув марказлари раҳбарлари ва ёшлар билан учрашуви ҳам айнан шу мақсадларга қаратилди.
Унда тегишли вилоят бошқармалари ва ташкилотлар раҳбарлари, “Кўмак” дастури доирасида қўллаб-қувватланган, “2+6” лойиҳасида иштирок этаётган ҳамда самарали натижаларга эришаётган ўқув марказлари раҳбарлари, шунингдек, таълим тадбиркорлигига қизиқиш билдирган ёшлар қатнашди.
Учрашув аввалида ташкил этилган кўргазмада вилоятдаги хусусий ўқув марказларининг фаолияти, таълим жараёнига жорий этилаётган замонавий ёндашувлар, ўқувчиларнинг ютуқлари ва эришилган натижалар намойиш этилди. Бу эса хусусий таълим муассасалари нафақат қўшимча билим бериш, балки ёшларнинг келгуси таълим ва касбий фаолияти учун мустаҳкам замин яратишда ҳам муҳим ўрин тутаётганини кўрсатди.
Мулоқотда таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда 594 та умумтаълим мактаби, 38 та техникум, 10 та олий таълим муассасаси ҳамда 1 600 дан ортиқ хусусий ўқув маркази фаолият юритмоқда. Бу рақамлар таълим хизматлари бозорининг кўлами ва имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради. Энг муҳими, таълим муассасалари ўртасидаги соғлом рақобат ўқитиш сифати, педагоглар маҳорати ва ўқувчиларнинг билим даражасига ижобий таъсир кўрсатиши керак.
Вилоят раҳбари таълимга киритилган сармоя энг ишончли инвестиция эканини таъкидлаб, Бухоронинг бой илмий-маърифий меросини замонавий билим ва технологиялар билан уйғунлаштириш, малакали устозлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, ёшларнинг IELTS, TOEFL, CEFR каби халқаро сертификатларни қўлга киритиши учун муносиб шароит яратиш, уларни жаҳон таълим майдонида рақобатлаша оладиган даражада тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди. Бунда Бухоро ёшларини Garvard, Oksford, Kembrij, MIT, Stenford каби дунёнинг етакчи университетларида таҳсил олаётган талабалар сафида кўриш мақсад қилингани алоҳида таъкидланди. Бу мақсаднинг амалий ифодаси сифатида учрашувда ўзига хос рағбатлантириш ташаббуси ҳам эълон қилинди. Унга кўра, агар вилоятдаги бирор хусусий ўқув маркази камида уч нафар ўқувчисини дунёнинг ТОП-10 талигига кирувчи университетларга ўқишга киритса, ушбу марказ раҳбари вилоят ҳокимлиги томонидан BYD Chazor автомобили билан тақдирланади.
Мазкур ташаббуснинг аҳамияти шундаки, унда ўқув марказлари фаолиятини баҳолашда фақат ўқувчилар сони ёки курслар кўлами эмас, балки аниқ таълим натижаси, яъни халқаро миқёсда тан олинган университетларга кириш кўрсаткичи асосий мезон сифатида илгари сурилмоқда. Бу эса таълим сифати учун масъулиятни ошириш, устозлар ва марказлар ўртасида натижага йўналтирилган рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Учрашувда Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов ҳам ўқув марказлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан тақдимот ўтказди. Унда ёшларни хорижий тилларга ўқитишни қўллаб-қувватлаш борасида эришилган натижалар, ҳамкорликнинг янги йўналишлари, истиқболли лойиҳалар ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида маълумот берилди.
Шу ўринда Президентнинг ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизимини такомиллаштириш, хусусий ўқув марказларини қўллаб-қувватлаш ва таълим хизматлари сифатини оширишга қаратилган ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, Президентнинг қарорида хусусий ўқув марказларини ривожлантириш, улар фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш, рейтингини шакллантириш ва юқори натижаларга эришганларни рағбатлантириш вазифалари белгиланган. Шунингдек, ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиш харажатларини “2+62 механизми асосида қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ҳам ушбу йўналишдаги имкониятларни кенгайтирмоқда.
[gallery-32743]
Учрашувнинг “Муваффақият тарихи” рукни остидаги қисмида эса намунали натижаларга эришаётган ўқув марказлари раҳбарларининг чиқишлари тингланди. Улар ўз тажрибаси, таълим жараёнида қўллаётган самарали методлари, ўқувчиларнинг халқаро сертификатларни қўлга киритиши ва нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига кириши учун олиб бораётган ишлари билан ўртоқлашди.
Бундай тажрибаларни оммалаштириш, илғор методикаларни бошқа марказларга ҳам татбиқ этиш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтириш соҳанинг умумий ривожига хизмат қилиши таъкидланди.
Очиқ мулоқотда хусусий ўқув марказлари фаолиятида учраётган муаммолар ҳам эътибордан четда қолмади. Соҳа тадбиркорлари мавжуд тўсиқлар, уларни бартараф этиш йўллари ва фаолиятни янада ривожлантиришга доир таклифларини бевосита вилоят ҳокимига етказдилар. Билдирилган мурожаатлар юзасидан тегишли бошқарма ва ташкилот раҳбарларига масъулият доирасида иш олиб бориш, муаммолар ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш вазифалари юклатилди.
Учрашувнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда таълим соҳасини ривожлантириш фақат давлат таълим муассасалари зиммасидаги вазифа эмаслиги, хусусий сектор ҳам бу жараённинг муҳим иштирокчиси экани яна бир бор намоён бўлди. Зеро, давлат ва хусусий таълим муассасалари ўртасидаги самарали ҳамкорлик қанчалик кучайса, ёшлар учун билим олиш имкониятлари ҳам шунчалик кенгаяди.
Энг муҳими, бугунги мақсад фақат хорижий тилни биладиган ёшларни эмас, балки халқаро даражада фикрлайдиган, замонавий билим ва кўникмаларга эга, дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олиб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўша оладиган авлодни тарбиялашдир.
Зеро, Бухоронинг эртанги тараққиёти бугун таълим олаётган ёшларнинг билими, салоҳияти ва интилиши билан чамбарчас боғлиқ. Улар учун яратилаётган ҳар бир имконият эса келажакка киритилаётган сармоядир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари