Ҳусайн Норчаев гол уришда давом этмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 16-тур баҳслари қизғин давом этмоқда. Тур доирасида ўтказилган навбатдаги учрашувларда «Хоразм», «Навбаҳор» ва «Локомотив» жамоалари муҳим уч очкони қўлга киритди.
Урганч шаҳрида «Хоразм» клуби «Машъал» жамоасини қабул қилди. Мезбонлар учрашув давомида ташаббусни қўлдан чиқрмай, якунда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Учрашувдаги голларга Диёрбек Ортиқбоев (33-дақиқа, пенальти) ва Улуғбек Ҳошимов (62-дақиқа) муаллифлик қилишди.
Наманган шаҳрида кечган «Сурхон» — «Навбаҳор» баҳсида тақдирни ягона гол ҳал қилди. Ўйиннинг 5-дақиқасида Ҳусайн Норчаев пенальтини аниқ амалга ошириб, «Навбаҳор»га ғалаба келтирди (0:1). Тошкентда ўтган «Локомотив» ва «Динамо» жамоалари ўртасидаги учрашув эса мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа, «темирйўлчилар» ўз майдонида муҳим уч очкони қўлга киритишди.
16-тур доирасидаги ўйинлар 8 август куни ҳам давом этади. Кун дастуридан «Нефтчи» — «Қизилқум», «Бунёдкор» — ОКМК ҳамда «Насаф» — «Қўқон-1912» баҳслари ўрин олган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА