Ҳурмуз бўғозидаги ҳужумлар халқаро савдо харажатларини оширмоқда
Ҳурмуз бўғозида савдо кемаларига уюштирилаётган ҳужумлар денгиз қатнови хавфсизлигига жиддий таҳдид солиб, энергия ресурсларини ташиш харажатларини оширмоқда. Вазият юк ташиш компанияларини хавфли йўналишдан фойдаланиш ёки етказиб беришни кечиктириш ўртасида танлов қилишга мажбур этмоқда.
“DW” нашри хабар беришича, Эрон атрофидаги ҳарбий можаролар шароитида бўғоз орқали савдо қатнови давом этаётган бўлса-да, унинг барқарорлиги Теҳроннинг ҳужумларни давом эттириш имкониятлари ҳамда АҚШнинг кемалар хавфсизлигини таъминлаш салоҳиятига боғлиқ.
Сиёсий эксперт Али Муҳаммадий фикрича, Эроннинг географик жойлашуви ва ҳарбий имкониятлари кемаларга таҳдид солишни давом эттиришга шароит яратади. Бироқ урушнинг иқтисодий оқибатлари Теҳрон учун асосий чекловчи омил бўлиб қолмоқда.
— Ҳурмуз бўғозида Эрон дуч келаётган чекловлар ҳарбий эмас, кўпроқ иқтисодий хусусиятга эга. Можаронинг чўзилиши мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказади, -дейди у.
Муҳаммадийнинг таъкидлашича, бўғозни тўлиқ ёпиш Эроннинг ўзи учун ҳам сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қимматга тушиши мумкин. Чунки бундай қадам иттифоқчи давлатлар манфаатларига ҳам зид келади.
Таҳлилчи Эрон денгиз қатновига таҳдид орқали рақибларига иқтисодий босим ўтказиш ва музокараларда устунликка эришишга интилиши мумкинлигини қайд этган. Бироқ бу стратегия қарши томонни ён беришга мажбур қилишини кафолатламайди.
Буюк Британиянинг Денгиз савдо операциялари маркази (UKMTO) маълумотига кўра, 10 ноябрь куни Ўмон соҳиллари яқинида танкер номаълум снаряд зарбасига учраган. Экипаж аъзолари жабрланмаган. 11 ноябрда эса Ҳурмуз бўғозида яна бир танкер билан боғлиқ ҳодиса қайд этилган.
Халқаро денгиз ташкилоти (IMO)нинг расмий маълумотларида Яқин Шарқ минтақасида кемалар билан боғлиқ 133 та тасдиқланган ҳодиса ва денгизчилар орасида 25 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Мутахассислар фикрича, хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви суғурта ва транспорт харажатларини ошириб, халқаро энергия бозоридаги ноаниқликни кучайтириши мумкин.
А.Маматов, ЎзА