Ҳурмуз бўғози: уруш соясида ҳаёт яна қайтмоқда
Дунё нефть савдосининг салмоқли қисми ўтадиган Ҳурмуз бўғозига нисбий тинчлик қайта бошлади. Эроннинг Бандар Аббос шаҳрида балиқчилар яна денгизга чиқмоқда, бозор гавжумлашмоқда. Бир неча ой аввал бу ҳудуд халқаро савдо ва энергетика хавфсизлиги учун жуда хавфли нуқтага айланган эди.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти бошлангандан кейин Теҳрон Ҳурмузни асосий босим воситасига айлантирди. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси рухсатсиз ҳаракатланган кемаларга қарши чора кўриб, денгиз йўлагини амалда ёпиб қўйди. Натижада юзлаб кема ҳаракати тўхтади, нефть нархи кескин ошди ва жаҳон бозорида ташвиш кучайди.
Ҳозир ҳам можаро изи сақланиб қолган. Бандар Аббос қирғоғи яқинида апрель ойида Эрон томонидан ушлаб қолинган икки юк кемаси ҳануз қўйиб юборилмаган. Шунингдек, ўнлаб савдо кемаси ўтиш учун расмий рухсат кутиб турибди. Таҳлилчилар ушбу бўғоз АҚШ-Эрон музокарасида Теҳроннинг асосий устунлиги бўлиб турибди.

Шаҳарнинг ўзида эса ҳаёт аста-секин изига тушмоқда. Дўконлар қайта очилган, одамлар кундалик юмушига қайтган. Бинобарин, айрим маҳаллаларда уруш асорати яққол кўринади. Исроил зарбаси оқибатида вайрон бўлган турар-жой бинолари ҳали тикланмаган. Маҳаллий аҳоли уруш иқтисодиёт, иш ўринлари ва оддий инсонлар ҳаётига оғир таъсир кўрсатганини таъкидламоқда.
Бандар Аббос аҳолиси учун Ҳурмуз бўғози геосиёсий рақобат майдони эмас, балки тирикчилик манбаи ҳисобланади. Шу боис одамлар учун сиёсий баёнотлар эмас, балки мавжуд сулҳ сақланиб қолиши, денгиздаги ҳаёт яна изига тушиши муҳим.
Мусулмон Зиё, ЎзА