Жорий йилнинг 10 сентябридан бошлаб мамлакатимиз бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий акция ўтказилмоқда.
Адлия вазирлиги, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилаётган акция доирасида маҳаллаларда сайёр қабуллар ташкил этиш, семинар-тренинглар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, тегишли ташкилотларда мониторинглар ўтказиш белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг Қорақалпоғистон бўлими томонидан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган акция ўтказилди.

Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган болалар орасида “Инсон қадри давлат ҳимоясида” номли рангли расм танлови, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотлари ярмаркаси, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун сайёр қабул ташкил этилди. Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Бундай акцияларни ўтказиш ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга, бу борадаги қонунчиликка амалий таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири