Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 20 январдан 20 мартга қадар “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Акция юқори савияда ташкил этилган бўлиб, жойларда маҳаллалар кесимида тегишли ҳужжатга эга бўлмаган шахслар хатловдан ўтказилмоқда.
Натижада фуқаролар туғилганлик ҳақида гувоҳнома, ID-карта ва бошқа турдаги ҳужжатларни олиш каби ишларини турли ташкилотларга мурожаат қилиш ва ҳужжат тўплаш каби оворагарчиликларсиз ҳал этиш имкониятига эга бўлмоқда.
Бектемир туманида туман адлия бўлими ходимлари томонидан ўтказилаётган хатлов жараёнларида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ҳамда фуқаролик паспорти ёки ID-картага эга бўлмагани сабабли қийинчиликларга дуч келаётган шахслар мурожаатлари қабул қилиниб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Янгийўл шаҳрида яшаб келаётган Зулхумор опа фарзандлари Сардор (23 ёш), Севинч (20 ёш), Садриддин (10 ёш) ва Самариддин (5 ёш) ҳамда набираси Беҳрузбек (3 ёш) тиббий ёрдамсиз туғруқхонадан ташқари (хонадони)да туғилгани сабабли уларга бугунги кунга қадар туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололмаган.
Сардорбек ва Севинч 16 ёшдан ошган бўлса-да, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд бўлмагани сабабли ID-карта берилмаган. Оиланинг ўртанча фарзанди Садриддин 10 ёшга тўлган, бироқ бугунги кунга қадар умумтаълим мактабига, Самариддин ва Беҳрузбек эса боғчага қабул қилинмаган. Акция доирасида аёлнинг фарзандлари ва набирасига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилди ва ҳужжатлар адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев томонидан топширилди.
Вояга етган болаларга ID-карта ҳам топширилди. 10 ёшли бола шаҳардаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг 1-синф ўқувчиси сифатида таълимни давом эттириш имконига эга бўлди. Адлия вазирлиги томонидан унга китоблар, мактаб формаси ва ўқув қуроллари совға қилинди.
Қарши туман ФҲДЁ бўлими ва ДХМ ходимлари томонидан акция доирасида ўтказилган хатлов жараёнида 8 нафар фуқаронинг ҳужжатлари йўқлиги аниқланиб, керакли ҳужжатлар бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилди. Шаръий никоҳ билан яшаб келаётган келин ва куёвларга расмий никоҳ гувоҳномалари топширилди.
Деҳқонободда ҳам 3 нафар фарзанднинг ота-онаси расмий никоҳдан ўтказилди. Гувоҳнома уларнинг хонадонига бориб топширилди.
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун навбатга қўйилиб, мобил давлат хизматлари кўрсатилди.
Бўстон туманида 2015 йилда туғилган қизга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани топширилди.
Карманада уйма-уй ўрганиш давомида фуқаролардан туғилиш ва ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар олиш, муддати ўтган никоҳни расмийлаштириш, уй-жой кадастр ҳужжатларини шакллантириш каби масалаларда мурожаатлар қабул қилинди.
Фуқаро Шоҳсанам Ёралиева икки нафар набирасига уйда туғилгани туфайли ҳужжат ололмагани хусусида мурожаат қилди. Мазкур масала ҳокимлик ва тиббиёт тизими ҳамкорлигида адлия бўлими ФҲДЁ идораси томонидан ижобий ҳал этиб берилди.
Акция доирасида ҳужжати бўлмаган избосканлик 60 ёшли онахон аниқланди. У ёшлигидан ногиронлиги бўлган болалар мактаб интернатида ҳамда 1993 йилдан “Мурувват” интернат уйида яшаган.
Онахоннинг туғилганлик факти суд идоралари орқали тасдиқланди ва ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.
“Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси доирасида ишчи гуруҳлар режа-график асосида аҳолининг муаммоларини ўрганишга қаратилган хатлов ишларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, акция давомида туғилиши қайд этилмагани оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахслар, яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган шахслар, туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмагани сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган шахслар, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатдан ўтказишда ёки қайта рўйхатдан ўтказишда муаммоларга дуч келаётган шахслар, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА