Ҳудудларда натижага йўналтирилган бошқарув модели жорий этилади
Давлатимиз раҳбарининг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва хорижий мутахассислар ҳамкорлигида семинар ташкил этилди.
Унда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомидаги 33 та туман (шаҳар) ҳокимларининг ижтимоий соҳада фаолият юритаётган ўринбосарлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Ўқув жараёнида янги ўсиш нуқталари ва ишга солинмаган захираларни аниқлаш, ижтимоий соҳани ҳудуднинг драйвер йўналишлари қаторига қўшиш, ўзлаштирилган замонавий билим ва кўникмаларни бевосита амалиётга татбиқ этиш орқали ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлат хизмати ва хусусий сектор ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, туманларнинг ўзига хос ривожланиш моделлари ва муваффақиятли бошқарув тажрибаларини оммалаштиришга эътибор қаратилди.
Ижтимоий инфратузилмани “мастер-режа”лар асосида ривожлантириш, бошқарувга рақамли ечимларни татбиқ этиш ҳамда раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш масалалари бўйича халқаро моделлар ҳам таҳлил қилинди.

Назарий билимлар амалиёт билан уйғунлаштирилди. Иштирокчилар мамлакатимиздаги йирик лойиҳалар – “Олимпия шаҳарчаси”, Миллий тиббиёт маркази, "Янги Ўзбекистон" университети, Ислом цивилизацияси маркази ва “IT Park Uzbekistan” мисолида замонавий бошқарув ёндашувларини бевосита жойига чиқиб, улар билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Тингловчиларнинг фикрича, мазкур дастур ҳудудларнинг янги “ўсиш нуқталари”ни мақсадли аниқлаш ва натижага йўналтирилган бошқарув моделини жорий этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Дастур якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилиб, ўрганилган замонавий моделларни ҳудудларда самарали татбиқ этиш бўйича аниқ тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА