Шу кунларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишлар бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
2024-2025 ўқув йилидан бошлаб республикамизда олий таълим муассасаларига қабул қилиш тизими тубдан янгиланди. Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан қабул жараёнлари илк бор “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида икки босқичда амалга оширилмоқда. Ушбу тизим абитуриентларга ўз имкониятларини холис баҳолаш ва мақбул танлов қилиш имконини яратмоқда.
[gallery-24320]
– Имтиҳонларни юқори савияда, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида малакали, ўз йўналиши бўйича тажрибага эга мутахассислар жалб этилган, – дейди Навоий давлат университети қабул комиссияси масъул котиби Содиқ Хўжжиев. – Институтда мусиқа таълими, вокал санъати, чолғу ижрочилиги, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, ранг тасвир, дизайн, жисмоний маданият каби 15 та таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда. Имтиҳонларнинг ўтишида холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир имтиҳон ўтказиш жойи кузатув камералари билан тўлиқ жиҳозланган. Шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонларнинг бориши институтнинг веб-сайти ва телеграмм ижтимоий тармоғига жойлаштирилиб борилмоқда. Ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари видео кузатув орқали хоналарда жойлаштирилган телевизорларда кузатиб бормоқда.
Ҳар бир йўналиш бўйича ўтаётган имтиҳон жараёнлари видеокамералар орқали ёзиб олинмоқда ва зарурат туғилганида исталган пайтда уни қайта кўриш имкони мавжуд. Шунингдек, ҳар куни бўлиб ўтаётган касбий (ижодий) имтиҳонлар жараёни жамоатчилик вакиллари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан кузатиб бориляпти. Буларнинг барчаси имтиҳонларнинг очиқ, адолатли ва шаффоф ўтиши учун амалга оширилмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари