Касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети томонидан 2026/2027-ўқув йили учун касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш бўйича 7-16-июль кунлари оралиғида махсус жадвал тасдиқланган эди.
Ушбу жадвалга мувофиқ, Жисмоний маданият таълим йўналиши бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди. Имтиҳонлар Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида эрталабки соат 06:00 дан бошлаб ташкил этилмоқда. Ушбу имтиҳонларда абитуриентларнинг жисмоний тайёргарлиги, спорт кўникмалари ва танланган йўналиш бўйича қобилияти махсус мезонлар асосида синовдан ўтказилмоқда.

Имтиҳонлар ўтказиладиган жойларда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча қулайликларга эга бўлган кутиш зоналари, ичимлик суви, тиббий хизмат, шунингдек, зарур маълумотлар олиш имкониятлари яратилган. Имтиҳонларнинг шаффофлиги ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида имтиҳон ўтказиладиган барча жойлар замонавий кузатув камералари билан жиҳозланган.

Шу билан бирга, касбий (ижодий) имтиҳонларни интернет орқали онлайн режимда тўғридан-тўғри кузатиш имконияти ҳам йўлга қўйилди. Бу эса ота-оналар ва кенг жамоатчиликка имтиҳонлар жараёнини бевосита кўриш, уларнинг шаффоф ва адолатли ўтишига ишонч ҳосил қилиш имконини бермоқда.
Мазкур олий ўқув юртида касбий (ижодий) имтиҳонларни юқори даражада, очиқ ва шаффоф тарзда ўтказишга катта эътибор қаратилган. Ҳар бир абитуриентга тенг имкониятлар яратилган бўлиб, улар ўз билим ва қобилиятларини бемалол намойиш этиши мумкин.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири