Навоий вилояти Кармана туманида 33-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.
Ушбу 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти Ислом Тараққиёт банки ва ОПЕК Халқаро Тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилган бўлиб, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси асосида 4 миллиард 856 миллион сўм маблағ эвазига қурилди.

Ташкил этилган тадбирда маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш, боғчаларга болалар қамровини ошириш, соҳа ходимлари учун яратилаётган шароитлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий самаралари хусусида сўз юритилди.

Тадбир иштирокчилари янгидан бунёд этилган боғчада болажонлар учун яратилган шароитлар, замонавий жиҳозлар ва ўқув-тарбиявий муҳит билан яқиндан танишди.

Вилоятда мактабгача таълим соҳасида жорий йил якунига қадар яна 50 га яқин мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, 2 минг 150 та тарбияланувчи ўрни янгидан яратилади. Бунинг натижасида 3-7 ёшли болалар қамрови 87,5 фоизга ва 6 ёшли болалар қамрови эса 98,5 фоизга етказилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири