Ховосда “Ақлли қишлоқ” пилот лойиҳаси амалга оширилади
Сирдарё вилояти Ховос туманида замонавий “Ақлли қишлоқ” пилот лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ИФАД) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилади.
Ховос туманидаги “Ақлли қишлоқ” пилот лойиҳаси бир неча муҳим йўналишни ўз ичига олади. Аввало, Ҳуснобод, Бинокор, Пахтакор, Бўстон ва Қаҳрамон каби маҳаллаларида замонавий “смарт қишлоқ” инфратузилмасини яратиш режалаштирилган. Бунинг натижасида аҳоли учун қулайликлар кенгайиб, қишлоқ ҳаёти янада осонлашади.
Шу билан бирга, рақамли технологиялар ва замонавий қишлоқ хўжалиги ечимлари жорий қилинади. Бу эса ердан самарали фойдаланиш, сув ва ресурсларни тежаш ҳамда ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Пилот лойиҳа маҳаллаларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган. Ёшлар ва маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари ва даромад манбалари яратилиши кутилмоқда, бу эса турмуш даражасини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Лойиҳа иқтидорли ёшлар ва маҳаллий мутахассислар учун замонавий билим ва малака ошириш имкониятларини ҳам тақдим этади. Шу тариқа, маҳаллий аҳоли ва ёш авлод қишлоқ ҳаётида фаол иштирок этишга, янги технологиялардан самарали фойдаланишга ўргатилади.
Бу борадаги ишлар куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбари Улуғбек Хусаинов ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ИФАД) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лаура Маттиоли ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам алоҳида таъкидланди.

Учрашувда томонлар лойиҳани амалга ошириш орқали давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ечимлардан кенг фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни муҳокама қилдилар. Шунингдек, давлат хизматчилари ва талабалар учун стажировкалар ташкил этиш масаласи ҳам белгиланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири