“Ақлли чорвачилик” маркази ташкил этилиши режалаштирилмоқда
Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва замонавий агрохизматларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Ўзбекистон вакиллари Жанубий Кореянинг KOAMI, Jeonbuk Technopark ва TYM компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашувларда чорвачиликни рақамлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, мазкур ҳамкорлик доирасида 2028–2030 йилларда Тошкент вилоятида “Ақлли чорвачилик” марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Марказда чорва молларини сунъий интеллект асосида мониторинг қилиш, автоматик бошқарув, аниқ озиқлантириш ва рақамли кузатув тизимларини жорий этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, чорвачилик ва рақамли технологиялар йўналишида 300 нафар мутахассисни Жанубий Кореяда ўқитиб, малакасини ошириш режалаштирилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш йўналишида ҳам амалий лойиҳалар бошланган. Хусусан, TYM компанияси билан ҳамкорликда метанда ишлайдиган тракторларни синовдан ўтказиш ва уларни агрохизматлар фаолиятига жорий этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Дастлабки босқичда 37 дона трактор “Республика агрохизматлар” корхонасига тақдим этилиб, уларнинг самарадорлиги икки йил давомида ўрганилади. Синов натижаларига кўра, мазкур техникаларни Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
М. ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА