Ховосда 6 минг гектар ерга такрорий экинлар экилди
Бу йил Ховос туманида бўшаган 6 114 гектар ерга такрорий экинларнинг уруғи қадалди. Жумладан, 230 гектарга сабзавот, 175 гектарга картошка, 810 гектарга полиз экинлари, 29 гектарга кунжут, 2 792 гектарга мош, 1 000 гектарга шоли, 15 гектарга тариқ, 56 гектарга супурги, 1 007 гектарга эса озуқа экинлари экилди.
Агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилгани учун ҳосил кўнгилдагидек бўлаяпти. Ҳозиргача режанинг 82 фоизи бажарилди. 5 023 гектар майдондаги экинзорлар ҳозир ёппасига яшнаб турибди.

– Такрорий экинлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолини иш билан таъминлашда муҳим рол ўйнайди, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Умиджон Холиқов. – Бу йўналишдаги ҳар бир иш, ердан унумли фойдаланиш иқтисодий самарадорлик ва халқнинг ҳаёт сифатига хизмат қилади.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ҳосил пайтида далалардан жами 60,6 минг тонна маҳсулот йиғиб олиниши кутилмоқда. Шу жумладан, 4,3 минг тонна сабзавот, 16,3 минг тонна полиз маҳсулотлари, 2,2 минг тонна картошка, 3,9 минг тонна мош, 4,2 минг тонна шоли, 308,9 тонна озуқа, 938 тонна тариқ ва 1,7 минг тонна супургини айтиб ўтиш мумкин.

– 2 792 гектар майдонга такрорий экин сифатида экилган мошдан ўрта ҳисобда гектаридан 1 тоннадан ҳосил олинса — 2 792 тонна, агар гектаридан 1 тонна 300 килограммдан олинса — 3 629,6 тонна маҳсулот етиштирилади. Бу эса нафақат маҳаллий бозорларда мош маҳсулотларига бўлган талабни қондириш, балки хорижий давлатларга экспорт қилиш имконини ҳам беради. Натижада, такрорий экин экиш ва етиштириш билан шуғулланган аҳоли даромади ортиб, туманнинг экспорт салоҳияти яхшиланади, – дея қўшимча қилди Умиджон Холиқов.

Ховос далаларидаги меҳнат — нафақат ҳосил, балки юзлаб оилалар учун умид, фаровонлик ва эртанги кунга ишонч демакдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири