Миллий ҳунармандчилик кўргазмаси: экспорт ва туризмга янги уфқлар
Асрлар давомида ўзбек халқининг бой маънавий мероси ва нафис санъатини ўзида мужассам этиб келаётган миллий ҳунармандчилик бугунги кунда нафақат тарихий қадрият, балки туризм соҳасининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Ана шундай ноёб ижод намуналарини кенг жамоатчиликка танитиш ва халқаро майдонда тарғиб этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги «CAEx» (Central Asian Expo Uzbekistan) кўргазмалар мажмуасида «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида «Craft Fair — 2026» халқаро ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.
Республика «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ҳамда хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган ҳунармандларнинг миллий ҳунармандчилик намуналари, ноёб ижодий ишлари намойиш этилди.
[gallery-32750]
Хусусан, кўргазма меҳмонлари ва сайёҳлар кулолчилик, заргарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, атлас ва адрас тўқиш каби йўналишлардаги бетакрор маҳсулотлар билан яқиндан танишиб, усталар билан бевосита мулоқот қилди.
Жумладан, ярмаркада Эрон Ислом Республикаси Маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик вазири Сеед Реза Салеҳи Амири ташриф буюрди. Меҳмон павильонларда намойиш этилаётган ўзбек миллий ҳунармандчилиги дурдоналари ва усталарнинг маҳорати билан яқиндан танишди.
Айниқса меҳмонларга, Андижондан ташриф буюрган моҳир пичоқчи уста Музаффар Умаровнинг бетакрор ижод намуналари, қадимий услубда, юксак дид ва нозик меҳнат билан ишланган пичоқлари катта қизиқиш уйғотди. Ўзбек заргарлик санъатининг ёрқин вакили, таниқли уста Тоҳир Муҳаммедовнинг нафис ва бетакрор заргарлик буюмлари коллекцияси эса уларда ўзгача таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбир давомида маҳаллий ва хорижлик усталар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди. Мазкур тадбир нафақат маҳаллий усталар учун янги экспорт уфқларини ва халқаро ҳамкорлик эшикларини очди, балки мамлакатимизнинг туризм жозибадорлигини янада ошириш, ноёб маданий меросимизни келажак авлодга безавол етказишга хизмат қилди. Шубҳасиз, бундай нуфузли халқаро кўргазмаларнинг мунтазам ташкил этилиши миллий ҳунармандчилик мактабларининг янада равнақ топиши ва жаҳон бозорида ўз муносиб ўрнини мустаҳкамлашида мустаҳкам пойдевор бўлади.
Гулноза Бобоева,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА