Аёл қадри, меҳнат ва ташаббуслари эътироф этилди
Жамият тараққиёти, оила фаровонлиги ва ёш авлод камолоти йўлида фидойилик кўрсатаётган хотин-қизларнинг меҳнати, ташаббуси ва ҳаётий тажрибасини эътироф этиш уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ширин шаҳрида ўтказилган «Йил аёли» миллий танловининг шаҳар босқичи ҳам ана шундай фаол ва ташаббускор аёлларнинг ютуқларини намоён этиш, уларнинг ибратли фаолиятини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилди.
Танловда таълим, ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа ва бошқа йўналишларда самарали меҳнат қилаётган, касбига садоқати, фаол ҳаётий позицияси ва жамоат ишларидаги иштироки билан атрофдагиларга ўрнак бўлаётган хотин-қизлар қатнашди. Улар белгиланган 11 та номинация бўйича ўз фаолияти, амалга оширган хайрли ишлари, эришган натижалари ва истиқболдаги режалари ҳақида ҳакамлар ҳайъатига маълумот бердилар.Тақдимотларда аёлларнинг нафақат ўз касбида муваффақият қозониши, балки оиладаги масъулияти, фарзандлар тарбияси, маҳалла ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки ҳам ўз ифодасини топди. Айниқса, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, таълим-тарбия сифатини ошириш, касбий маҳоратни намоён этиш ва оилавий қадриятларни асраб-авайлаш борасидаги ташаббуслар эътиборга молик бўлди.


Танлов натижаларига кўра, «Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли» номинациясида Сирдарё ИЭС филиали чилангар аёли Марҳабо Миржумаева ғолиб деб топилди. «Йилнинг энг жонкуяр устози» номинациясида 2-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёти ўқитувчиси Маҳлиё Асқарова, «Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси» номинациясида Манзура Иброҳимова, «Йилнинг энг яхши уй бекаси» номинациясида эса Фотима Довурбоева ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиблар танловнинг вилоят босқичида Ширин шаҳри шарафини ҳимоя қилади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири