Пойтахтимиздаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Хотира” номли графика кўргазмаси очилди.
Тинчлик йўлида кўрсатилган жасорат, мардлик ва фидойиликни эслатиб турувчи муҳим сана – 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган кўргазма “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий кўргазмалар дирекцияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда даврлар алоқаси, тарихий онгнинг кучи ва хотиранинг маданий ва маънавий ресурс сифатидаги аҳамияти ҳақидаги визуал мулоҳазалар акс этган.
Экспозициядан миллий санъатимизнинг етакчи усталари – Қутлуғ Башаров, Леким Ибрагимов, Медат Кагаров, Нуриддин Калонов, Геннадий Жирнов, Георгий Чиганов ва ижоди ўзбек графикаси тарихида муҳим ўрин тутадиган қатор маҳоратли рассомлар томонидан яратилган 45 та график асар ўрин олган.
[gallery-23253]
Маълумки, графика тасвирий санъат тури сифатида ички ҳолатлар ва ҳиссий тебранишларга айниқса, сезгирлик билан жавоб беради. Офорт, линогравюра ёки литографияга хос бўлган ихчам ифода воситалари рассомга кайфият, оҳанг, кечинма моҳиятини аниқ қайд этиш имконини беради. Шунинг учун ҳам графика уруш, йўқотиш, матонат ва хотира ҳақида сўз юритишнинг жуда ўринли шаклидир.
Кўргазмада намойиш этилаётган ҳар бир асарда хотиранинг тасвирдаги шаклини кўриш мумкин. Гўёки, рассом ўтмиш билан суҳбатга киришган, уни ҳис этган ва ифодалаган. Шунинг учун ҳам томошабин шунчаки кузатувчи эмас, балки ушбу суҳбатнинг ҳам тингловчиси, ҳам иштирокчисига айланади. Кўргазма макони эса мушоҳада ва сукунатни ўзида уйғунлаштирган, ҳис ва хотиралар уфқини очадиган майдонга айланган. Асарлар томошабинни шунчаки кўриш учун эмас, қалб билан ҳис этиш, ўйлаш ва хотиранинг моҳиятини англашга чорлайди. Инсон тақдири, жасорати, қайғу ва умид ҳақида сўзловчи ушбу график ишлардаги ҳар бир чизиқ, соя, қиёфа, ҳаракат ортида юракда сақланган ҳикоялар бор. Улар сукутда гапиради, бу сукутда бағрикенглик, қадр, оғриқ ва эзгулик мужассам.
Томошабинни фалсафий фикрлашга ундовчи кўргазма жорий йилнинг 8 июнига қадар давом этади.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА