Хотира хиёбони уйғоқликка чорлайди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Ҳар йили баҳорда, атроф-табиат яшилликка бурканган пайтлар пойтахтимиздаги Мустақиллик майдони ҳам ўзининг бор таровати билан инсонларни ўзига чорлайди.
Майдондаги Хотира хиёбони бўйлаб одимлар экансиз, ҳар бир қадамда қалбингиздан ажиб бир туйғулар ўтади. Бу ҳам завқ, ҳам аламли соғинчдир.
Хотира ва қадрлаш куни яқинлашган сари майдон янада гавжумлашади. Бу ерда турли ёш ва миллатларга мансуб инсонларни учратиш мумкин. Кимдир оила аъзолари, кимдир турмуш ўртоғи билан, кимдир эса ёлғиз зиёратга келган.
Майдондаги Хотира китобидан жой олган исмлар. Уларнинг адоғи йўқ. Ҳар бирининг ортида бир инсон умри, бир оила тақдири мужассам. Буларни шунчаки ўқиб бўлмайди. Дардли хотиралар, аламли туйғулар, ёшли нигоҳлар. Барчаси сабрдан, хотирадан дарак. Дилда ўлмаган одам элда ҳам ўлмайди.
Холматов И. Холматов А. Холматов М. Холматов В. Холматов Ю...
Булар Тошкент вилояти, Хонобод қишлоғилик Зулфия аянинг беш паҳлавони, беш алпомиш йигит. Бир уйдан чиқиб, уйга қайтмаган беш оила ва бир онанинг умрбодга муҳрланган армони.
Улар Ватан озодлиги, юрт осудалиги ва бугунги нурафшон кунлар учун жонини қурбон қилдилар. Уларнинг мардлиги мангуликка муҳрланган. Бунда оналар фарёди, бева қолган ёрларнинг изтироби ва ота меҳрига тўймаган гўдакларнинг соғинчи яширин.
Бу муқаддас жойда руҳларнинг тирик жони бор. Хотира хиёбони бу юракни ўртовчи аламли зиёратгоҳдир.
Мангу олов тафти бизни ўша машъум уруш йиллари ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Ана, бир қучоқ гулни бағрига босганча кекса онахон келди. У Мотамсаро она ҳайкали пойига эгилиб, гулларни аста қўйди. Кўзидаги ёшни ҳарир рўмолининг учи билан артаркан, лаблари пичирлаб дуо қилди. Шояд шу дуолар олови сўнган оилалар руҳига таскин берса...
Бу урушда Ватан кимларни йўқотмади? Кимнинг хонадонига жудолик соя солмади? Кимнинг жигари қайтмади?
Бугун биз эришган Истиқлол бахти, тинчлик тахти ўша боболаримиз кўрмаган, лекин бизга мерос қолдирган олий неъматдир.
Хотира – муқаддас, қадрлаш эса эзгу, савоб иш. Тинч ҳаёт учун курашганлар юртнинг абадий фахридир.
Ўзбекистондек жаннатмакон юртнинг омонлиги, фаровонлиги учун жон берган фидойилар қалбимизда абадий яшайди.
Зеро, хотира бор экан – миллат тирик, қадр бор экан – келажак бардавом. Хотира хиёбони инсонларни мудом уйғоқликка, ҳушёрликка чорлайверади.
Асрор Сулаймонов,
ЎзА