Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими кучайтирилади
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган.
Янги таҳрирдаги Конституцияда болалар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги аниқ нормалар белгиланди.
Шу асосда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Барча қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.
Яратилган кенг имконият ва шароитлар ҳисобига 230 мингга яқин тадбиркор аёллар синфи шаклланди, миришкор фермер аёлларимиз 12 минг нафарга етди, илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшаётган олималаримиз 6 минг нафардан ошди.
Шу билан бирга, хотин-қизларнинг мурожаатлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш тизими – xotin-qizlar.uz электрон платформаси ишга туширилди.
Олий судда Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларга қонуний ечим топиш мақсадида хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ ва бошқа масалаларига оид мурожаатлар юзасидан ўтказилган очиқ мулоқотда шулар ҳақда сўз юритилди.
[gallery-31382]
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган мулоқот давомида келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни чуқур ва аниқ ўрганиш мақсадида Олий суднинг раҳбарияти ва судьялари, Хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Болалар омбудсмани ва бошқа тегишли ташкилотларнинг масъул вакиллари аёллар билан алоҳида тартибда, юзма-юз иш олиб бораётгани қайд этилди.
Тадбирда хотин-қизлардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳар бир масалага аниқ ҳуқуқий ечим топишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
А.Алижонов (сурат), ЎзА