Хотин-қизлар доимо эътибор ва эъзозда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, иқтисодий ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар билан танишиш ҳамда амалий кўмаклашиш мақсадида Бухоро вилоятида икки кунлик ўрганишларни олиб борди.
Бош вазир ўринбосари дастлаб Когон туманидаги “Сараён” маҳалласида бўлди. Кўчабоши, оқила, фаол аёллари билан оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, никоҳ ва оила ҳуқуқи, оила маънавияти, ноқонуний никоҳ, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш хусусида суҳбатлашди.

З.Маҳкамова маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази фаолияти билан ҳам танишди. Марказ ишини ривожлантириш, ҳудудда хотин-қизларни касб-ҳунар ўрганишга, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.

Когон туманидаги “Баҳоуддин Нақшбандий” маҳалла фуқаролар йиғини Усмонобод қишлоғида яшовчи Обида Ёдгорова 5 нафар қизнинг онаси. Қарамоғида ногирони бўлгани боис “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичида 6 тоифага киритилган. Бош вазир ўринбосари аёлнинг хонадонида бўлиб, хўжаликдаги мавжуд имкониятларни ўрганди.
Шунингдек, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи ижарага жой олиб, тикув цехи очган ва айни пайтда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган 5 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаган, қолаверса ёзги таътилда бўлган қишлоқ мактаб ўқувчи қизларининг бўш вақтидан унумли фойдаланишларини йўлга қўйиш мақсадида уларни жалб қилиб, “уста-шогирд” анъанаси асосида тикувчиликни ўргатаётган Дилфуза Рамазонованинг тикув цехида бўлди.

Қоракўл тумани маданият марказида “Биз оилавий зўравонликка қаршимиз!” мавзусида ўтказилган учрашувда Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, вилоят ҳокими ўринбосари Феруза Ибрагимова, туман ҳокими Хуршид Тоҳиров, шунингдек, тегишли идоралар раҳбарлари, жорий йилда ҳимоя ордери берилган аёллар ва уларинг оила аъзолари, низоли оилалар иштирок этди.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари сўнги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, мустаҳкам оилани шакллантириш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш масалаларига қаратилаётган эътибор ҳақида фикр билдирди.

Учрашув давомида хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш борасида маҳаллалар ҳамда тегишли органларнинг ҳамкорлиги масалалари ҳам муҳокама этилди.
Алоҳида хоналарда адлия, ички ишлар, суд мутасаддилари, психологлар ҳимоя ордери олган барча хотин-қизлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан бирма-бир ишлаб, ҳуқуқий, психологик ёрдамлар кўрсатилди.
Бош вазир ўринбосари тадбирда иштирок этган хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Зариф Комилов,
ЎзА