“Хорижий Самарқандиёна энциклопедияси” инглизчада чоп этилди
18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни
Самарқанд халқаро технология университетида “Самарқанд: маданиятлараро мулоқот маконида шаҳар қиёфаси” китоби тақдимоти ўтказилди.

Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ижодкор зиёлилар, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

“Хорижий Самарқандиёна энциклопедияси” Самарқанд шаҳридаги “Eсперанто” халқаро клуби ҳамда Халқаро тинчлик ва бирдамлик музейи асосчиси, “Самарқандиёна” энциклопедик лойиҳасининг муаллифи Анатолий Ионесов ва Россиядаги Самара давлат маданият институти профессори, “Самарқандиёна” лойиҳасининг илмий маслаҳатчиси Владимир Ионесов томонидан тайёрланган ижодий лойиҳа маҳсули ҳисобланади.
Китобнинг биринчи нашри 2014 йилда Самарада, қайта ишланган ва тўлдирилган иккинчи нашри эса Самарқанд халқаро технология университети ҳомийлигида 2022 йилда Тошкентда чоп этилганди.

Университет ректори Ю.Абдуллаев мазкур китоб Самарқанд шаҳрининг тарихи ва бугунги куни ҳақида маълумот берувчи қимматли манба эканлигини таъкидлаб, унинг инглизча таржимаси, айниқса, сайёҳлар учун жуда қулайлигини қайд этди.
– Китоб Самарқанд халқаро технология университети раҳбарияти ташаббуси билан мазкур ўқув юрти профессор-ўқитувчилари томонидан инглиз тилига таржима қилинди, – дейди китоб муаллифларидан бири Анатолий Ионесов. – Бу жараёнда илмий-ахборот нашримиз яна кўплаб янги маълумотлар билан бойитилди, айрим боблар сезиларли даражада кенгайтирилди ва тўлдирилди. Бу борада таржимонлар билан яқин ҳамкорликда ишладик.

Китобда Самарқанд шаҳри ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар, бу ердаги тарихий жойлар, кўчалар номлари, шунингдек, машҳур кишиларнинг исм-шарифлари, ўзига хос анъана ва қадриятлар ҳақида ҳикоя қилинган.
Тақдимотда самарқандлик таниқли ижодкорлар, зиёлилар китоб ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари