Хориждаги таниқли ва етук ўзбек олимлари Ўзбекистонга ўз тажрибаларини олиб киради
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларидан иборат делегация Буюк Британияга ташриф буюрди.
Бу мазкур мамлакатда ватандошлар иштирокида ўтказилган форум доирасида эришилган дастлабки келишувларнинг амалий натижаси бўлди. Чунки ташриф давомида Буюк Британиянинг таниқли консультант-дерматологи Равшан Изамов ҳамда Канаданинг “British Columbia” университети (ТОП-45) профессори, “CyberPatient” онлайн-симулятори асосчиси Карим Қаюми билан учрашув ташкил этилди.
Мулоқот давомида тиббиёт муассасаларида дори терапиясини комплекс баҳолаш, мониторинг қилиш ҳамда кўп тармоқли клиник ёрдам кўрсатиш жараёнларини тизимли интеграция қилиш масаласига эътибор қаратилди.
Тиббий таълимда сунъий интеллект тадқиқотлари, халқаро профессорлар ва замонавий симуляция технологияларидан кенг фойдаланиш, назарий билимларни реал клиник тайёргарлик билан уйғунлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Интеграциялашган дастурлар олий мактаби таркибида Канада тажрибаси асосида “Global Medical School”ни ташкил этиш, лойиҳа доирасида халқаро ўқув дастурлари, клиник симуляция, виртуал беморлар, соҳа мутахассислари учун стажировкалар ташкил этиш, хорижий профессор-ўқитувчилар ҳамда Ўзбекистондаги клиник базаларни ягона тизимга бирлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг ушбу йўналишлари бўйича амалий ишларни давом эттириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА