Хоразмда замонавий кардиология биноси фойдаланишга топширилди
Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида янги замонавий тиббиёт биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Бердиев, Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Кўпал Тангрибердиев, шунингдек, соҳа мутасаддилари, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Давлат бюджетидан қарийб 10 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган 3 қаватли ушбу янги бино энг замонавий тиббий ускуналар ва қулайликлар билан таъминланган.

– Марказнинг биринчи қаватида "Шошилинч кардиология" бўлими, иккинчи қаватда "Интервенцион кардиология" бўлими, учинчи қаватида эса "Юрак ишемик касаллиги" бўлими жойлашган, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Кўпал Тангрибердиев. - Хоразм вилоятида аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги бундай ишлар изчил давом этмоқда.

Марказнинг мавжуд 115 ўринли қуввати 185 ўринга етказилди. Энг муҳими, эндиликда мураккаб юрак-қон томир амалиётлари ва шошилинч кардиологик ёрдам кўрсатиш сифати янада ошиб, беморларнинг республика марказларига ёки бошқа ҳудудларга боришига ҳожат қолмайди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири